ОРОМИ ЙЎҚОЛГАН ОҒУФУРУШЛАР
Орамизда ҳаром луқмага ўрганган, осонгина мўмай даромад ортидан қувиб, охир-оқибат панжара ортида афсус-надомат чекаётган шахслар учраб туради. Ачинарлиси, иккинчи бор жиноят кўчасига кириб, давлатимиз ва халқимиз ишончини поймол этаётганлар ҳам бор.
Учқўрғонлик Аҳрор Нурматов(исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳамда Фарҳод Фурқатовни бир мақсад бирлаштирди. Улар ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда гиёҳванд моддалар олди-сотдиси билан шуғулланишни мақсад қилишди. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Аммо Аҳрор ва Фарҳод бу нақлнинг мазмун-моҳиятини англаб етмаган кўринади. Боиси, ҳар иккиси аввал ҳам суднинг қора курсисида ўтирган, қилмишига яраша жазо олган. Бироқ баднафслиги уларни яна судга етаклаб келди.
Шу йилнинг 20 февраль куни «Назорат-харид» тадбирининг шартли иштирокчиси Раҳима Исломова айбланувчилардан оқ целлофанга ўралган ўткир ҳидли, тўқ яшил рангли, гиёҳванд моддасига ўхшаш, қуритилган, майдаланган моддани 100 АҚШ долларига сотиб олаётган вақтида туман ИИБ ходимлари томонидан ушланди ва ашёвий далиллар холислар иштирокида текшириб кўриш учун олинди.
Вилоят ИИБ ЭКБнинг хулосасига кўра, ушбу модда марихуана бўлиб, соф оғирлиги 1,00 граммни ташкил қилиши кўрсатилган. Бундан ташқари, Аҳрор Нурматовнинг кўрсатмасига биноан унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида сандиқ ичида бўлган 0,5 ҳажмдаги полимер идиш(баклашка)га солинган тўқ яшил рангли, гиёҳванд моддасига ўхшаш, қуритилган, майдаланган модда аниқланди ва холислар иштирокида текширилди.
Вилоят ИИБ ЭКБнинг хулосасига кўра, ушбу модда ҳам марихуана бўлиб, соф оғирлиги 18,4 граммни ташкил қилиши кўрсатилган.
Аҳрор Нурматов ҳамда Фарҳод Фурқатов энди қонун олдида яна бир бор жавоб беришларига тўғри келади.
Шерзод СОБИРЖОНОВ,
туман ИИБ ТБ терговчиси, катта лейтенант.

