САНИТАРИЯ-ГИГИЕНА ТАЛАБЛАРИ УНУТИЛМАСИН

Ёзнинг жазирама кунларида салқин ичимликлар ва музқаймоққа бўлган эҳтиёж ортиб боради. Айниқса, музқаймоқ севиб истеъмол қилинадиган, чанқоқбосди, озуқавий қийматга эга бўлган сут маҳсулоти саналади. Музқаймоқлар белгиланган тартибда маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган турғун ва кўчма савдо нуқталарида сотилишига рухсат этилади. Юмшоқ (фрезерли) музқаймоқлар фақат турғун савдо нуқталарида сотилиши шарт. Кўча-кўйларда белгиланмаган жойларда сотилаётган музқаймоқлар, айниқса, фрезерли ускуналарда тайёрланган музқаймоқларни харид қилмаслик керак.

Хавфсизлиги кафолатланмаган, сақлаш ва савдо қоидаларига риоя этилмаган ҳолда сотилаётган музқаймоқларни истеъмол қилиш натижасида овқатдан заҳарланишлар, ўткир ва юқумли ичак касалликлари келиб чиқиши мумкин.

«Ўнҳаят саноат савдо» хусусий корхонасига қарашли музқаймоқ сотиш шохобчасида овқатдан заҳарланиш ҳодисасининг олдини олиш мавзусида семинар ташкил этилди. Унда туманимиз ҳудудида музқаймоқ тайёрлаш ва сотиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари, якка тартибдаги тадбиркорлар қатнашдилар.

Семинарда туман ДСЭНМ бош врачи Абдимутал Нишонов, соҳа мутахассисларидан Олимжон Абдубоқиев, Холмирза Абдураззоқов, Акбарали Абдуллаевлар сўзга чиқиб, музқаймоқлар ва уларни ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда технологик жараёнларга қўйиладиган талаблар, бозорлар ва савдо шохобчаларида сотувга қўйилган ҳар бир турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари (гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари) билан сотувга қўйиш лозимлиги, музқаймоқ маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаётган шахслар дастлабки тиббий кўрикдан, кейинчалик ҳар 6 ойда бир марта даврий тиббий кўрикдан ўтишлари, савдо жараёнида санитария-гигиена талабларига тўлиқ амал қилиш, ўткир ва юқумли касалликлар, уларнинг келиб чиқиши, тарқалиши, клиникаси ҳамда олдини олиш ҳақида кенг тушунча бердилар.

Семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. Якунда «Ўнҳаят саноат савдо» ХКга қарашли музқаймоқ сотиш шохобчасида яратилган шарт-шароитлар билан танишилди.