АЛИМЕНТ ПУЛЛАРИ УНДИРИЛАДИ
Мавжудотлар ичида инсонгина онг-тафаккур, ақл-идрок, забонга эгадир. Орамизда шундайлар борки, улар учун қадр-қиммат, оила, ор-номус, виждон сингари туйғулар бегона.
Шу йилнинг 10 февраль куни жиноят ишлари бўйича туман судида ёши қирқдан ошган, оилали, икки нафар фарзанднинг отаси, муқаддам судланган ҳамюртимиз Баҳодир Очилдиев (исм-шарифлар ўзгартирилган)нинг жиноий иши кўриб чиқилди.
Судланувчи Б.Очилдиев бугунга қадар икки бор оила қурган бўлиб, ҳар икки оиласидан бир нафардан фарзанди бор.
Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2009 йил 22 октябрдаги (шу суднинг 2013 йил февралдаги ҳал қилув қарори асосида мувофиқлаштирилган) ҳал қилув қарорига асосан, собиқ турмуш ўртоғи Малика Асқаралиевага бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун у вояга етгунига қадар ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа қўшимча даромадларидан 1/6 қисми миқдорида алимент тўлаб бериши лозим бўлса-да, 2009 йил октябрь ойидан 2016 йил 1 октябрь кунига қадар жами 15813031 сўм миқдорида алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган.
Бундан ташқари, судланувчи Б.Очилдиев хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг 2006 йил 20 сентябрдаги (фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2013 йил 13 февралдаги ҳал қилувчи қарори асосида мувофиқлаштирилган) суд буйруғига асосан, Наима Очилдиевага бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун у вояга етгунига қадар ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа қўшимча даромадлардан 1/6 қисми миқдорида алимент тўлаб бориши лозим бўлса-да, 2012 йил июль ойидан 1 октябрь кунига қадар жами 9242412 сўм миқдорида алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган.
Жиноят ишлари бўйича туман суди судланувчи Баҳодир Очилдиевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига кўра жазо тайинлади ҳамда жабрланувчилар Н.Очилдиева, М.Асқаралиевага алимент пулларидан бўлган қарзлари ундирилиши белгиланди.
О.ЖЎРАЕВ,
туман прокуратураси терговчиси лавозимида иш ўрганувчи,
М.МАМАЖОНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими катта инспектори.

