БАРКАМОЛЛИК ОМИЛИ

Халқимиз азалдан юксак маънавият, эзгу қадриятлар ва урф-одатларни улуғлаб келган. Озод диёримиз истиқбол сари дадил бораётган бугунги кунда ёшлар қалбига ҳам ана шу эзгу анъаналарни сингдириб бориш, ўқувчи-ёшларни ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан оқилона ва самарали фойдаланишларида нима яхши-ю нима ёмон эканлигини фарқлаб олишлари муҳим аҳамиятга эга.

Бугун дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган воқеа-ҳодисаларни кўриб-эшитиб, беихтиёр тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган, одамлари фаровонликка интилаётган шу юртда яшаётганингга шукр қиласан киши. Бундай бебаҳо неъматга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ, албатта. Бу, аввало, Юртбошимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган оқилона сиёсати, халқимизнинг тинчлик, ҳурлик, осойишталикни сақлаш йўлидаги ҳамжиҳатлиги самарасидир.

Биз бугун ғоят мураккаб, таҳликали ва қалтис бир даврда яшаётганимизни яхши биламиз. Тан олишимиз керакки, ёшларимизнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишида интернетнинг ҳам оз бўлса-да, ҳиссаси бор. Унинг чекланмаганлиги сабаб хоҳлаган сайтига кириб, исталган маълумотни олиш имкониятидан баъзилар ғаразли ниятда фойдаланмоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг деярли 35 фоизи интернетга уланиш имкониятига эга. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, ҳозирги интернет тармоғидаги маълумотларнинг 70-75 фоизи инсон учун зарар келтирувчи ғоялар ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, айни пайтда дунёда динни ниқоб қилиб олган 800 дан ортиқ диний экстремистик ташкилот, экстремизмнинг турли кўринишларини ўзида ташувчи ғоялар тарғиботи билан шуғулланувчи 100 мингдан ортиқ сайт фаолият кўрсатмоқда.

Табиийки, бугун тенгдошларимизда компьютер технологиялари, интернет тармоғига қизиқиш катта. Аслида ҳам интернет бу тараққиёт маҳсули. Шундай экан, ундан фойдаланишда билимимизни бойитишга, илм-фан сирларини ўрганишга, эзгуликка ундовчи асарлар, бадиий адабиёт намуналарини мутолаа қилишга эътибор қаратсак, мақсадга мувофиқдир.

Элмурод РИВОЖИДДИНОВ,

НамДУ талабаси.