ПЕНСИЯ ГУВОҲНОМАЛАРИ ТОПШИРИЛДИ
Бугун элу юрт ардоғида умргузаронлик қилаётган кексаларимиз турмушнинг аччиқ-чучугини бошидан ўтказган, донишманд инсонлардир. Уларнинг синовлардан ўтган тажрибасини Ватанимиз равнақи йўлида сафарбар этиш жуда оқилона иш. Зеро, она юртга хизмат қилиш, унинг муттасил юксалиши йўлида собит ва жонкуяр бўлиш инсон умрини, айниқса, унинг кексалик даврини янада гаштли ва файзли қилади.
13-сонли болалар мусиқа ва санъат макта-бида ёшга доир пенсия тайинланган фахрийларга пенсия гувоҳномаларини тантанали тарзда топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда Республика «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими бошқаруви раиси Икромхон Нажмиддинов, туман ҳокими Абдуғани Турдиев, жамғарманинг туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев ёши улуғ инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига кўмаклашиш, мўътабар кексаларнинг оғирини енгил, умрини узоқ қилиш, уларни қадрлаш ва эъзозлаш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини таъкидлаб, бир гуруҳ ҳамюртларимизга пенсия гувоҳномалари ҳамда эсдалик совғаларини топширдилар.
-Инсон ҳаётида қувончли воқеалар кўп бўлади,-дейди таълим фахрийси Баҳодир Холбоев. -Бугунги маросим ҳам ёдимдан узоқ вақт чиқмайди ва эслашга арзирли кун бўлиб қолади. Ёшимизга ёш, кучимизга куч қўшилди. Фахрийлар номидан Юртбошимизга, барча тадбир ташкилотчиларига чуқур миннатдорчилик билдираман.
Муҳаммад АЛИ.

