ҒАЛЛАДАН БЎШАГАН МАЙДОНЛАРНИ ЁҚМАНГ

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, бир гектар майдондаги сомон қолдиқларининг ёқиб юборилиши натижасида атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг. кул, 20 кг. «ис» гази каби зарарли газлар чиқади. Бунинг натижасида тупроқ таркиби бузилиб, эрозия ҳолати кучаяди ва ҳосилдорлик камаяди. Бундан ташқари, дала четларидаги ўсимликлар дунёсига зарар етади. Бу инсонлар саломатлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Қолаверса, бу билан Ўзбекистон Республикаси «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 47-моддаси 8-банди, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 24-моддасида кўрсатилган талаблар бузилиб, Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 88-моддаси, 3-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилиши натижасида фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3-5 баробаригача, мансабдор шахсларга эса 5-10 баробаригача маъмурий жарима қўлланилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2006 йил 25 декабрда 1647-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Бошоқли дон экинлари сомонининг ёқиб юборилиши натижасида етказилган зарарни аниқлаш ҳамда ушбу ҳолатларни содир этган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан қўллаш бўйича Низом»га мувофиқ ғалла майдонидаги сомон қолдиқларини ёқиб юборганлиги учун буғдойнинг харид нархи, ернинг бонитети ва ҳосилдорлигини ҳисобга олган ҳолда зарар суммаси ҳисобланади.

Ғалладан бўшаган майдонларда сомон қолдиқларига ўт қўйилишининг олдини олиш бўйича масъулият, энг аввало, фермер хўжалиги раҳбарлари зиммасида эканлигини унутмаслик лозим.

Илҳомжон СОДИҚОВ,

туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи,

Акрамжон АБДУРАҲМОНОВ,

Шерзод УМРЗОҚОВ,

инспекция назоратчилари.