ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасликни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.
Ушбу мақсадларда давлат органларига, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмаларга:
-ўз фаолиятида белгиланган талабларнинг ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш, шу муносабат билан ўз вазифаларини ва ваколатларини танқидий қайта кўриб чиқиш;
-тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш топширилди.
Ушбу норма давлат органларига айбдор ходимларга нисбатан нафақат интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликнинг энг қатъий чораларини қўллаш мажбуриятини юклабгина қолмасдан, балки тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита ушбу ходимлардан ундирилишини таъминлашни ҳам юклайди.
Кўрсатиб ўтилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ноқонуний текширишларни ташкил этишга ва уларни ўтказишга, айниқса, давлат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти асоссиз тўхтатилишига ва зарар етказилишига йўл қўймасликка йўналтирилган.
Тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш тақиқланган. Кўрсатиб ўтилган нормалар тадбиркорлик субъектларини икки марта жазолашни истисно этибгина қолмай, балки биринчи марта ҳуқуқбузарликни содир этган ва ўз айбини ювган фуқароларга ўзининг тадбиркорлик фаолиятини салбий оқибатларсиз давом эттириш имконини беради, бу чора уларнинг ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришга ҳам йўналтирилган.
Анваржон РАҲМОНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими катта суриштирувчиси,
Ҳусниддин ҲАКИМОВ,
туман прокурорининг ўринбосари.

