«БУЮК КЕЛАЖАГИМИЗНИ МАРД ВА ОЛИЖАНОБ ХАЛҚИМИЗ БИЛАН БИРГА ҚУРАМИЗ»
21 июнь куни туманимизда ана шу шиор остида фестиваль бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Мудофаа
вазирликлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, вилоят, туман ҳокимликлари ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тарғибот тадбирлари туманимиз аҳли, ёшларда катта таассуротлар қолдирди. Таниқли шоирлар, олимлар, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандаларидан иборат тарғибот гуруҳлари жойларда учрашувлар ўтказди.

Уйчи иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш, Уйчи спорт, Жийдакапа қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежлари, Бирлашган маданият ва аҳоли дам олиш марказидаги учрашувларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мурод Абдулла, шоирлар Зиёвиддин Мансур, Зарифа Эралиева, эл суйган санъаткорлар Меҳриддин Раҳматов, Ҳошим Арслонов, Баҳора Арслонова, Анжела Йесимбегова, Шавкатбек Комилов, эстрада хонандалари Гули Асалхўжаева, «Ниҳол» мукофоти совриндорлари Малика Эгамбердиева, Бекзод Баҳромов ҳамда туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази хонандалари ҳам иштирок этдилар.
-Фестиваль доирасидаги тарғибот тадбирлари давомида 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, давлатимиз раҳбарининг маърузалари ҳамда янги фармон, қарорлари мазмун-моҳияти ҳақида аҳоли, ёшлар билан фикр алмашилди, -дейди туман ҳокимининг ўринбосари Аҳмаджон Раҳматов. -Учрашувларда ёшларимиз ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар.
-Уйчи иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ўтказилган тадбир менда чуқур таассурот қолдирди, -дейди ёш ижодкор Машҳура Аҳмаджонова. -Таниқли санъакорлар ва ижодкорлар билан жонли мулоқот, самимий гурунглар ёдимиздан асло чиқмайди. Бугунги тадбир яна шуниси билан аҳамиятлики, ижтимоий-сиёсий билимларимиз ошди, Ватанимиз тақдири учун дахлдорлик ҳисси кучайди. Бунинг учун Юртбошимизга, тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Фестиваль доирасидаги тадбирлар шу куни «Пахтакор» ўйингоҳидаги гала концерт билан якунланди.
Озода УМАРОВА,
Зуҳра МУҲИДДИНОВА,
Жийдакапа қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари.
Суратларда: фестивалдан лавҳалар.

