МЕҲР-ОҚИБАТ, ИЛМУ МАЪРИФАТ НУРЛАРИ ЁҒИЛСИН

Шу йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги республика анжумани бўлиб ўтди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кун тартибига қўйилган масала, яъни ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш вазифаси бугунги кунда қандай улкан аҳамият касб этаётгани ҳақидаги мулоҳазаларидан жуда ҳам таъсирландик.

Бугунги кунда она-юртимиз, Ўзбекистонимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республика-сини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани ва уни ҳаётга татбиқ этиш бўйича фаол иш олиб борилаётгани, айниқса, 2017 йилнинг юртимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари» йили деб эълон қилингани жуда катта аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб виждон эркинлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият берилаётгани, муқаддас динимиз, миллий қадриятларимизни, буюк азиз-авлиёлари-мизнинг хотираси, меросини тиклаш, қадам-жоларни обод қилиш бўйича жуда кўп иш қилингани, албатта, ҳар биримизда ғурур ва ифтихор уйғотмоқда.

Аллоҳга  беадад шукрлар бўлсинки, йигирма олти йилдан буён муборак Рамазон ойини жаннатмакон  ўлкамизнинг  мўмин-мусулмонлари  кўтаринки руҳда, завқу шавқ билан ўтказмоқдалар. Эмин-эркин  рўза тутиш, кечалари икки мингдан ортиқ  масжидда таровех намозларини адо этиш, қуръон хатмларини амалга ошириш, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ва турмушимиз фаровонлигини тилаб, эзгу дуолар қилиш бахтига муяссар бўлдик.

Дарҳақиқат, Рамазон ойининг ҳар бир кунида  дуолар қабул бўлади. Расулуллоҳ (САВ): «Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор», -деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Рамазони шариф қалбимиз  ва ахлоқимизни ислоҳ қилишимизга қулай фурсат  бўлди. Бу шарофатли ойда қилинган ибодатлар, тавба-тазаррулар қалблардаги ғуборларни ювди. Тонг отганидан кун ботгунига қадар бир ой давомида  рўза тутиш бизни сабр-бардошли, кечиримли  бўлишга, ёмонликлардан тийилиб, эзгу амалларни  қилишга ўргатди. Шу боис, бу ойда меҳр-муҳаббат, ўзаро ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор кўрсатишни талаб этади.

Илоҳим, Аллоҳ барчамизни ушбу ойдан онадан янги туғилган чақалоқ каби гуноҳлардан пок бўлган ҳолда чиқарсин, хонадонларимизга  қут-барака ато этган бўлсин, юртимиз узра меҳр-оқибат, илму маърифат нурлари ёғилсин.

Исроилхон ҚИРҒИЗБОЕВ,

туман бош имом хатиби,

Тоҳиржон Исматиллаев,

Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси.