ОВИ ЮРМАГАН ОЛҒИРЛАР
«Кўпдан қуён қочиб қутилмас», -дейди халқимиз. Ушбу нақлнинг маъно-мазмуни ҳар қандай мураккаб ишни бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро келишиб амалга оширилса, енгил кўчиши, қийинчилик туғдирмаслигига ишора. Аммо ушбу ибора зинҳор ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширишга қарата айтилмаган. Зеро, жиноий иш ҳар қанча келишилмасин, пухта режалаштирилмасин, унинг пайини қирқувчи қонун бор.
Наманганлик Адҳам Солиев (исм-фамилияси ўзгартирилган) атрофига жам бўлган бир гуруҳ дўстлар осон пул топишнинг антиқа йўлини излаб топишди.
Улар қўшни Қирғизистонга чегарадош Янгиқўрғон туманидаги чегара постларидан 2015 йилнинг апрель ойидан бошлаб бир йил давомида Ўзбекистон ҳудудига умумий қиймати 252937021 сўм бўлган 8 дона «Нексия», 1 дона «Ласетти» русумли автомашиналарни олиб ўтишган. Мамлакатимиз ҳудудида йўл-транспорт ҳодисасига учраган автомашиналарнинг давлат рақам белгиси ва кузов рақамларини пайвандлаш орқали ўрнатиб, гўёки уларни қайта тиклаб, қонунийлаштиришган.
Ушбу ноқонуний ҳаракат роппа-роса бир йил умр кўрди. Жиноий гуруҳнинг қилмишлари фош бўлиб, унинг етти нафар аъзоси суднинг қора курсисига олиб келинди.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судида кўриб чиқилди. Жиноий гуруҳ аъзоларининг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жазо тайинланди.
Бахтиёр ҲОШИМОВ,
Республика Бош прокуратураси Қуролли Кучлар, Миллий хавфсизлик, солиқ ва божхона хизмати органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқарма прокурори,
Нодиржон ҲАСАНБОЕВ,
вилоят прокуратураси 20-бўлим прокурори.

