ТЕКШИРИШЛАРНИ ЎТКАЗИШ БЎЙИЧА ЯНГИ ТАРТИБ
Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарори билан 2017 йил 6 май куни «Назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар – юридик шахслар фаолиятидаги текширишларни мувофиқлаштириш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги 2878-сонли Низом тасдиқланди.
Ушбу Низом мамлакатимиздаги бир қатор мавжуд қонун ва фармонлар, Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4848-сонли Фармони талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар – юридик шахслар фаолиятидаги текширишларни мувофиқлаштириш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши (кейинги ўринларда – кенгаш), кенгашнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий комиссиялари, туман ва шаҳар ҳудудий комиссиялари, назорат қилувчи органлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда – назорат қилувчи органлар) хўжалик юритувчи субъектлар – юридик шахслар фаолиятида текширишларни ташкил этиш ва ўтказишда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги Қонун ҳужжатларига, шунингдек, мазкур Низомга амал қиладилар.
Низомда назарда тутилганидек, назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ўтказиладиган текширишлар муддати 30 календарь кунидан ошмаслиги керак.
Алоҳида ҳолларда кенгаш томонидан бу муддат кўпи билан 30 календарь кунига узайтирилиши мумкин, бунда ушбу қоида микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари – кичик тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишларни ўтказиш муддати 10 календарь кунидан иборат бўлиб, ушбу муддат узайтирилмайди.
Низомга кўра, текширишларни мувофиқлаштириш масалалари билан шуғулланувчи мансабдор шахслар, масъул ходимлар ишлаб чиқилаётган текширишлар режа-жадвали лойиҳасидаги ҳамда режадан ташқари қисқа муддатли текширишга рухсат бериш тўғрисидаги қарор қабул қилингунга қадар олинадиган ахборотларнинг махфийлиги ва ушбу ахборотдан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши учун шахсан жавоб берадилар.
Раҳимжон МИРЗАЕВ,
туман ДСИнинг назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг шўъбаси бош инспектори.

