ЁВУЗ МАҚСАДЛАР ҚУРБОНИГА АЙЛАНМАНГ

Ахборот технологиялари асрида кун сайин интернетга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Аммо интернетдан фойдаланишнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор.

Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов: «Интернет катта дўкон. Дўконга борганда одам хоҳлаган нарсасини сотиб олади. Интернет ҳам шундай бир бозор, яъни ахборот деб тушуниш керак», -деган эдилар.

Айниқса, ўсиб келаётган биз каби ёшлар интеллектуал салоҳиятли, маънавиятли бўлишимиз, интернет бозорига кирганда фақат керакли нарсаларни олишимиз, ҳар қандай ёт ва зарарли ғояга муносиб жавоб қайтаришга тайёр туришимиз керак. Сўнгги пайтларда интернет айрим манфур кимсалар учун қурол вазифасини бажармоқда. Уларнинг мақсади жозибали шиор ва ғоялар остида яширинган бўлиб, инсонни ғоявий қарам қилиш, руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилгандир.

Бундай ёвуз мақсадларнинг қурбонига айланиб қолмаслик учун интернет тармоғидан оқилона фойдаланишимиз талаб этилади. Интернетнинг чексиз имкониятларини дунё илм-фани янгиликларидан бохабар бўлиш, юртимизнинг ҳайратланарли ютуқларини бутун оламга кенг ёйиш учун фойдалансак, мақсадга мувофиқ бўлади, назаримизда.

Зеро, интернет инсон учун яратилган – инсонни бошқариш, уни ўзига қарам қилиш учун эмас…

Жасурбек АБДУРАҲМОНОВ.