ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 27 май куни бўлиб ўтган ўнинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар, қабул қилинган қарорлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Президентимизнинг кейинги бир қатор фармон ва қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратилгани билан эътиборга моликдир. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)»ги Қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат.
Суд ҳокимиятининг мустақиллигини ва судьялар корпусининг бирлигини мустаҳкамлаш мақсадида қуйидаги тартиб киритилди:
– Конституциявий суд таркибини Судьялар олий кенгаши тавсиясига кўра сайлаш;
– суднинг раҳбарлар таркибини судьялар орасидан Конституциявий суднинг ўзи томонидан сайлаш.
Киритилган ўзгартишларга мувофиқ Конституциявий суд Ўзбекистон Республи-каси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республи-каси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини сайлайди.
Конституциянинг 94-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти Конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш учун республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойиш-лар қабул қилади.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва фармойишлари ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади. Шу муносабат билан Конституциянинг 109-модда 1-бандида «фармонлари» деган сўздан кейин «қарорлари ва фармойишларининг» деган сўзлар билан тўлдирилди.
Бундан ташқари, ушбу модда шундай норма билан тўлдирилдики, унга кўра Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади. Шунингдек, киритилган тўлдиришларга кўра, Конституциявий суд конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.
Анваржон РАҲМОНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими катта суриштирувчиси.

