Мувашшах

Ҳаж амалин адо этиб,

Мурод-мақсадига етиб,

Арабистон томон кетиб,

Ўз юртига келганларим,

Элда бахти кулганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Олиб қўлга қоғоз-қалам,

Шеър ёзмасам қилар алам,

Ҳажга борган ҳар бир одам,

Менинг таниш билганларим,

Мангу хурсанд бўлганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Жийдакапа қишлоғидан,

Хилватийнинг гул боғидан,

Машҳур Наманган боғидан,

Кўкка қараб учганларим,

Яшаб зафар қучганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Ишлаб, яхши яшаганлар,

Ошин ҳалол ошаганлар,

Айтсам сизга ўхшаганлар,

Ҳол-аҳволин сўрганларим,

Ширин суҳбат қурганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Оппоқ либос ярашган зот,

Икки инсон чин қўшқанот,

Дил сўзларим бўлсин баёт,

Гулзордан гул терганларим,

Гулдай бўлиб турганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Тун-кечалар бўлиб бедор,

Тилак тилаб неча минг бор,

Жойнамозда кўп истиғфор

Такрор-такрор айтганларим,

Маконига қайтганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Аллоҳ номин ёд айлашиб,

Бир-бирларин шод айлашиб,

Одим отиб шошиб-шошиб,

Каъба томон юрганларим,

Арофатни кўрганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Каъба майдонига кириб,

Унинг жамолини кўриб,

Неча дуоларни қилиб,

Қора тошни ўпганларим,

Айланишиб ўтганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Етиб Каъбага юзланиб,

Ақлу ҳушлари созланиб,

Зам-зам суви эъзозланиб,

Уч ютимдан ичганларим,

Сўнг сафога кўчганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Лунги кийиб оқ матодан,

Тилак тилашиб Худодан,

Айланиб Марва Сафодан,

Мен ойнада кўрганларим,

Югуришиб юрганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Икки инсон – бир оила,

Чол ва кампир ҳурмат ила,

Раббимни деб севинч тўла,

Дуога қўл очганларим,

Юзидан нур сочганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Батамом тонг оқарганда,

Бир жой – Минога борганда,

Иблис, алдамчи шайтонга,

Еттита тош отганларим,

Макка сари қайтганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Дуолар бўлгай ижобат,

Зарурдир тоат-ибодат,

Фақат эндиги зиёрат,

Мадинада юрганларим,

Расулимни кўрганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Ислом дини – ҳақиқий дин,

Диндор одам бўлгай мўмин,

Аллоҳ, гуноҳим кечиргин,

Дея тавба қилганларим,

Қувончларга тўлганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Ла илоҳа иллаллоҳ деб,

Иш бошласа бисмиллоҳ деб,

Халқимизга хизмат қилиб,

Кўпга меҳрин берганларим,

Совға йиғиб-терганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Азиз Ватан Ўзбекистон,

Доим бўлсин тинч, фаровон,

Олқиш олиб, сурсин даврон,

Ҳеч қолмасин армонларим,

Сизга ёзиб деганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Раббим, ҳамду сано сенга,

Мангу илҳом бердинг менга,

Намангандек гул-чаманга,

Шодон бўлиб келганларим,

Абад бахти кулганларим,

Ҳожи ота келибдилар,

Ҳожи она келибдилар.

Абдумалик Юсупов