ОТАШНАФАС ШОИР ЭДИ
Усмон Носир шундай истеъдод эгасики, бамисоли теккан жойини куйдирувчи оловдир. Усмон Носир улуғ ва адабий шеъриятнинг дийдасидан уқиб улгурмаган шабнам каби. У ҳали қаҳқаҳага айланмаган лабларимизда мангуга қотиб қолган ним табассумдир. Унинг шеърлари кўз каби тирик, жонли, тутқич бермас ҳаёт жабҳаларидир.
Биз Усмон Носирни қадрлаймиз. Чунки у шеъриятнинг табаррук, муқаддас даргоҳида анвойи бир чаман, сира хазон бўлмас мўъжизавий боғ яратиб кетди.
У ҳақда адибларимиз шундай дейди:
Абдулла Орипов:
-Усмон Носир шеъриятимизга шамолдай кириб келди. Балки бўрондай! У шундай тўполон ва тўлқин билан келдики, унча-мунча шеърий услуб ва ёдни тўз-тўз қилиб юборди. У ҳақда ўзимизда «Ўзбекнинг Лермонтови», Москва газетасида «Шарқда Пушкин пайдо бўлди», деб ёзилди.
Туроб Тўла:
-Оташнафас шоир Усмон Носир яна кенг ўрганишимиз керак бўлган шоирдир. Уни адабиётимиз, Ватанимиз ва халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Буни шоирнинг ўзи ҳам айтган эди:
Баргдек узилиб кетсам,
Унутмас мени боғим.
Исмимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур.
Шеърларим янграб қолур,
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим.
(«Боғим»)
Шоир яна ўтмишдаги шоирларнинг фожиали тақдирини эслаб:
Илҳомнинг вақти йўқ, селдай келади,
Жаллоддек раҳм этмай, дилни тилади.
Аёндир бир куни айлайди, хароб
Майлига, меҳримни гўёки шароб.
Симирдим, яшнайман тилсин дилимни,-
Бемеҳнат севмайман тирик тилимни.
Усмон Носир бадиий таржимонлик фаолияти билан ҳам машҳур бўлган эди. Шоирнинг «Боғчасарой фонтани», «Иблис» поэмалари, рус ва ғарбий Европа шоирлари шеърларини қойилмақом қилган таржималари адабиёт аҳлини, китобхонларни ҳайратда қолдирган эди.
Итоат эт!
Агар сендан
Ватан рози эмас бўлса,
Ёрил! Чақмоққа айлан сен,
Ёрил! Майли тамом ўлсам!
(«Юрак»)
Юракка қилинган бу буйруқ, бу ҳукмнома шоир ижодининг ғоявий мундарижаси эди. Усмон Носир ижоди ўзбек шеъриятининг машҳур намуналари бўлиб қолди. Улар оғиздан-оғизга ўтиб, ҳамманинг ёдида қолган эди. Айниқса, катта ва ўрта бўғин шоирлар Усмон Носир китобларидаги шеърла-рининг ҳаммасини деярли ёддан ўқишарди. Усмон Носир ижод майдонига кириб келиши худди майдонда зўрлигини кўрсатиб танилган ва ҳаммани ҳайратда қолдирган ёшгина паҳлавоннинг майдонга кириб келишига ўхшар эди. Ҳа, у ижод майдонига яшиндай ва тез кириб келди-ю, кичкина жуссаси билан жуда катта юк кўтарди. Қисқа муддат – 6-7 йил ичида бешта шеърлар тўплами «Қуёш билан суҳбат» (1932), «Сафарбар сатрлар» (1933), «Тракторобод» (1934), «Юрак» (1935), «Меҳрим» (1936) ва уч достон «Норбўта», «Нофшан», «Шоир» ҳамда тўрт драма «Атлас», «Зафар», «Сўнгги кун», «Душман»ларни яратди. Усмон Носир ўзбек шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллади ва ўзидан кейинги ёш ижодкор авлодларга байроқдор бўлди. Усмон Носирнинг асарларини катта авлод ҳам, ёш авлод ҳам, ўрта авлод ҳам ҳамиша кузатиб борар ва интиқлик билан ўқишга шошилар эди.
Усмон Носир 1912 йил 13 ноябрда Наманган шаҳрининг «Чуқур кўча» даҳасида косиб мулла Маматхўжа Муҳаммадхўжа ўғли оиласида туғилди. Усмоннинг икки ёшида отаси вафот этади. Онаси Холамбиби ҳам илмли, саводли аёл бўлгани учун Усмоннинг тарбиясига катта аҳамият билан қараб, ўғлига китоблар ўқиб берар, эртаклар айтиб, уни завқлантирарди. Шунга ўрганган Усмон Носир кейинчалик ҳам доим онасини эртаклар айтишга ва китоб ўқиб беришга мажбур қиларди. Усмоннинг адабиётга ҳавас қўйишига, аввало, онаси сабабчи бўлган.
1916 йилнинг охирлари 1917 йилнинг бошларида Холамбиби Наманган пахта заводининг ишчиси Носирхўжа Масодиқовга турмушга чиқади. Тез орада инқилоб ишларига аралашган Носир Масодиқов Қўқонда жойлашган штабга чақиртирилади.
Шу сабабдан оила Қўқон шаҳрига кўчиб келади. Қўқонда Холамбиби яна уч фарзанд – уч қиз кўради. Равзахон, Роҳатхон, Инобатхон. Усмон сингилларини жуда яхши кўриб, ардоқларди. Айниқса, онасини қадрлар, ёши улғайганда худди гўдаклардек унинг бағрида эркаланиб яйрарди. Усмон дастлаб бошланғич мактабда ўқиди. Ундаги ўқишга бўлган интилишни кўрган қариндошлари Усмонни «Дорилшафақа» деб аталган Қўқондаги 3-интернатга ўқишга олиб бордилар.
Усмонда адабиётга бўлган қизиқиш борган сари кучайиб, ўзи ҳам ижод қилишга киришди. Шеърлар, ҳикоялар ёзди. У интернатдан 2-босқич деб аталган тўлиқ ўрта мактабга кўчди. Бу мактабда ўқиган йиллари ижодда ҳам, жамоат ишларида ҳам янада фаоллашди.
Усмон Носир Қўқонда очилган педагогика курсида ўқитувчи ва илмий мудир бўлиб ишлади. 1930 йилда Усмон Носир Темур Фаттоҳ билан Москвага бориб кинематография институтига кириб ўқиди. Лекин у ерда касал бўлиб, Қўқонга қайтди ва яна ўқитувчилик қилди. 1932 йилда Самарқанддаги пед.академия (ҳозирги СамДУ)нинг тил ва адабиёт факультетида ўқиди. Университетда таълим олиб юрган йиллари устоз шоир сифатида ёш қаламкашлар Адҳам Ҳамдам, Назармат Нарзулло, Даврон, Норчучук, Саид Назарларга ижодий ёрдам бериб турди.
Усмон Носир онаси ва сингилларини 1936 йил Қўқондан Тошкентга кўчириб, олиб келади. 1937 йилда оиладан узоқлашиб, жудоликда юрган йиллари эса синглиси Равзахон қаттиқ касал бўлиб, вафот этади. Ўғил, қизни йўқотиб, жудолик дарди билан яшаган она ҳам 1957 йилда вафот этади. Усмон синглиси Равзахонга бағишлаб «Сенга, синглим» деган шеър ҳам ёзган эди.
У 1944 йил 23 мартда Кемерово областининг Моринск шаҳри яқинидаги Суслово қишлоғида оғир касаллик билан 32 ёшида вафот этди.
Обида ХОЛИҚОВА,
Наманган «Ёшлар маркази» қошидаги «Ёш журналистлар» тўгараги аъзоси.

