Тақдир «тузоғи»
Тақдир азал ёзмишдир котиб
Учрашмоқни пешонамизга.
Сизни менга айламиш насиб,
Мени эса кўрсатди сизга.
Шеърлар ўқиб бердим юракдан,
Тингладингиз бўлиб масту лол.
Сўнг сиз учун сатрлар битдим,
Рангу рўйим хўп афтодаҳол.
Кўзингизга термулмоқ маҳол,
Телба кўнгил девона буткул.
Сиз ҳайронсиз, кўз ўнгингизда
Сўлимоққа маҳкум битта гул.
Кетай дейсиз, кетмоққа йўл йўқ,
Пари мисол чорлайвераман.
Қурисам ҳам, адо бўлсам ҳам
Кўнглингизда порлайвераман.
Мени асло унутолмайсиз,
Яшолмайсиз, кечолмайсиз воз.
Мангу янграр қулоғингизда:
-Оға, -деган ширин бир овоз.
Масрур бўлиб ишқ суруридан
Осмонларга учдингиз, оға.
Мен аёлман – «шайтон тузоғи»
Сиз тузоққа тушдингиз, оға.
Наима Раҳмонова

