ХИЗМАТ СИФАТИ ЯХШИЛАНАДИ
Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатилишида катта аҳамият касб этмоқда. Бу борада мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2857-сонли қарори ижросини таъминлаш борасида туманимизда ҳам олиб борилаётган ишлар эътирофга лойиқ. Май ойида Ғайратдаги 33-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси(ҚОП)да семинар бўлиб, бу ерда яратилган шарт-шароитлар, ободонлаштириш ишлари вилоят миқёсида оммалаштиришга лойиқ, деб топилган эди.
Куни кеча Ўнҳаётдаги 34-сонли ҚОПда ҳам вилоят миқёсида семинар ташкил этилди. У «Қишлоқ оилавий поликлиникаси билан тез тиббий ёрдам хизмати ва шифохоналар ўртасида ўзаро яқинлик» мавзусига бағишланди.
Семинарда 34-сонли ҚОП мудири Мавлуда Хотамова, туман тиббиёт бирлашмаси марказий касалхонаси тез тиббий ёрдам бўлими мудири Акбаржон Исмоиловлар фаолиятларини амалга ошириш бўйича маъруза қилдилар. Маърузачилар таъкидлаганидек, ҚОП Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи Низомига асосан қайта жиҳозланди. Ҳозирги кунда УАШлардан ташқари УЗИ, жарроҳ, стоматолог, акушер гинеколог, терапевт ва педиатрлар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Поликлиника ҳудуддаги 6 та МФЙдаги жами 4058 та хонадонда истиқомат қилувчи 26435 нафар аҳолига 10 км. радиусда хизмат кўрсатиши белгиланган. Шунингдек, поликлиника биносига «103» хизмати киритилиб, ҚОП ва тез тиббий ёрдам хизмати орасидаги узвий боғлиқлик ва яқинлик янада таъминланди.
Оила поликлиникаси билан тез тиббий ёрдам шохобчаси ўртасида алоқа ҳар куни эрталаб тез тиббий ёрдам диспетчери рўйхатхона ҳамширасига олдинги кун давомида бўлган чақирувлардан сурункалилари ва иситмалаган беморлар ҳақидаги маълумот тақдим этилади. Барча маълумотлар ССВнинг 60-сонли буйруғи билан тасдиқланган 01-2 шаклли журналга қайд этилиб, бемор яшайдиган ҳудуд шифокорига хабар берилади. Патронаж ҳамшира беморнинг амбулатор картасини олиб, ҳудуд шифокори билан биргаликда беморни патронаж қилиш учун боради. Пат-ронаждан мақсад патронаж ва оила шифокори томонидан беморларни кўриб, уларга керакли маслаҳат ва муолажалар буюриш, сурункали ҳолда чақирув берадиган беморларга алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг оила аъзоларига беморда касалликнинг кечиши, касаллик жараёнида қандай парвариш қилишни ўргатиш, керакли буюрилган дори-дармонларни мунтазам равишда қабул қилиш бемор ҳолатининг яхшиланишида ва касалликнинг сурункали ҳолатга ўтиб кетмаслигида катта аҳамиятга эга эканлигини тушунтириш ва бунга эришишдир.
Семинарда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдували Мавлонов, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Манзура Азизова иштирок этдилар.
Муҳаммад АЛИ.

