Хотиралар
Болалигим чопган сўқмоқлар,
Бугун сизни қалбим сўроқлар,
Мени яна соғинч қийноқлар,
Омонмисиз, дўстлар, ўртоқлар.
Мен ҳидига тўймаган ялпиз,
Суқим кириб қолган дўлона.
Жийда томон кетган яланг из,
Мажнунтолим сочи тўлғона.
О Яккатут, қишлоққа сирдош,
Тегирмоннинг ўйноқи сойи.
О қабрлар, юрагимда ёш,
Жигарларимнинг хоки пойи.
Соғинчларим ташласам сочиб,
Тинглармикан майса, чечаклар?
Кимлар кутар бағрини очиб
Танирмикин моможияклар?
Мен соғиндим ҳамма ҳаммасин,
Болаликнинг янгроқ, шўх сасин.
Жуда қаттиқ соғиндим мени
Интиқ кутган бобом ҳужрасин.
Наима РАҲМОНОВА.

