Қаро кўзлар
Кишини айлагай мафтун,
Кулиб турган қаро кўзлар.
Сочарми ўзидан учқун,
Билмадим, митти юлдузлар?
Чаросга гоҳ қиёс этдим,
Кўзимга кўзи тушганда.
Муродимга дедим етдим,
Кўринса қоши қундузлар.
Қиё боққан чоғи, билсам,
Юрагида сири бордир.
Мободо қошига келсам,
Анор янглиғ бўлар юзлар.
Савол берса жавоб топмай,
Бўлиб лол термиладирман.
Хаёлим ҳар томон чопгай,
Топилмасдан ширин сўзлар.
Кўз олдимдан кетолмасдан,
Париваш жилмаяр мағрур.
Кўзимдан кўзин олмасдан,
Яна кўзини кўз-кўзлар.
Маликжон узмагин кўзни,
Дили пок маҳлиқолардан.
Дуо қилгин ёзиб мадҳин,
Омон бўлсин қаро кўзлар.
Абдумалик Юсупов

