ҲАР БИР КУН ЗАВҚЛИ

20-мактабгача таълим муассасаси(МТМ)га қадам қўйишингиз билан ўзингизни беғубор болаликка тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Турли эртак қаҳрамонлари акс этган ҳайкаллар, ҳар хил гулларнинг барқ уриб очилиб туриши кўнглингизни яйратади, хушнудлик бағишлайди.

Муассасада тарбияланувчиларнинг ҳар бир куни ўзгача завқ-шавқ билан ўтади. Болажонлар зерикиш нималигини билишмайди. Мазкур масканда айни вақтда 5 та гуруҳда 85 нафар кичкинтой тарбияланмоқда. Замонавий, икки қаватли бинода улар учун барча шароитлар яратилган. Рус, инглиз тилларида ҳам машғулотлар олиб борилади. Сожида Баҳромова, Гулбаҳор Ҳамроева, Гулчеҳра Тўхтамирзаева каби жонсарак тарбиячилар кичкинтойларга бор меҳр ва муҳаббатини бахшида этиб, фаолият кўрсатмоқда.

-Болалар қувончини кўрсам, яйраб кетаман, -дейди МТМ мудираси Дилором Камолова. -Масканимизга болажонлар ҳар куни ошиқиб келадилар. Чунки бу ерда уларни қизиқтирадиган муҳит яратилган.

Яқинда ушбу масканда «Болалигим – пошшолигим» деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Унда болажонлар шеър, куй-қўшиқ ва рақслар ижро этдилар. Шунингдек, муассасада «Зумрадойлар давраси»да жажжи қизларнинг меҳмон кутиш, дастурхон тузаш одоблари мавзусида очиқ дарс ташкил қилинди.

Аброр САБАРАЛИЕВ.

Суратда: муассаса услубчиси Назокат Исматиллаева машғулот пайтида.