ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТ ЎРГАНИЛДИ, АМАЛИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИЛДИ

2-4 июль кунлари туманимизда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни ҳал қилиш бўйича жамоатчилик назорати механизмининг татбиқ этилишига кўмаклашувчи Республика ишчи гуруҳи фаолият олиб борди. Ўрганишларда асосан фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш, оила аъзоларининг бандлик даражаси, даромадларини ошириш бўйича режалари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари, томорқадан унумли фойдаланиш, парранда ва қорамол боқиш маданияти, фарзандлар таълим-тарбияси, ҳудудда кўрсатилаётган тиббий, транспорт, банк, ижтимоий хизматларнинг самарадорлиги, пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг ўз вақтида ва манзилли етказиб берилиши, таълимдаги ислоҳотлар ва бошқа жиҳатларга эътибор қаратилди.

Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳи томонидан барча маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти билан танишилди, аҳолининг ижтимоий кайфиятини аниқлаш мақсадида 4476 та оила билан мулоқот ташкил этилди. Аниқланган муаммоларнинг 135 таси жойида ҳал этилди, қолганлари туман ва вилоят дастурига киритилиши тавсия қилинди. Жумладан, Ғайрат МФЙ ҳудудидаги учта кўчада авария ҳолатига келиб қолган симёғочлар ўрнига темир-бетон таянчлари ўрнатилиб, янги симлар тортилди. Туман марказидаги «Деҳқон бозори» атрофи чиқиндилардан тозаланиб, атроф санитария муҳити яхшиланди. Боғ маҳалласида яшовчи ишсиз фуқаро А.Сайдуллаев туман ёнғинга қарши курашиш бўлимига ишга жойлаштирилди. Пастгузар МФЙда ижарада яшовчи А.Насриддиновга уй қуриш учун ер майдони ажратилди. Хонадон эгасига газ баллони, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Гулбоғ МФЙда яшовчи М.Раҳимова ҳамда Ғайрат МФЙда яшовчи Д.Тошпўлатова, М.Меҳмоновалар ҳолидан хабар олиниб, уларга уй-рўзғор буюмлари совға қилинди. Овчибулоқ маҳалласидан М.Шокиров ногиронлик аравачаси олишга ёрдам сўради. Фуқаронинг мурожаати ўрганилиб, муаммо ижобий ҳал этилди. Ҳизиробод маҳалласида яшовчи С.Мамажонова қандли диабет касаллиги билан оғрийди, кўриш қобилиятини йўқотган. Унга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан имтиёзли жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун йўлланма берилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Ўрганиш жараёнида қабристонлар, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, автобекатлар, маҳаллалар бинолари, ички йўллар, йўлаклар ва чиқиндихоналар ҳолати ҳам эътибордан четда қолмади. Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ўз ифодасини топди. Аниқланган муаммоларнинг аксариятини жойида ҳал этиш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Жойида ҳал этилиши мураккаб бўлган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш юзасидан туман ҳокимлиги ҳузурида мутасадди давлат ҳамда жамоат ташкилотлари масъул ходимларидан иборат тузилган ишчи гуруҳи томонидан 3 ойлик манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмоқда.

Расулбек УММАТОВ.