МАКТАБГАМИ ЁКИ КОЛЛЕЖГА?
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”га мувофиқ Республикамизда таълим тизими тубдан ислоҳ этилди. Ҳар томонлама етук ва баркамол ёшларни тарбиялаш, вояга етказишга қаратилган 12 (9+3) йиллик мажбурий таълим тизими яратилди. 12 йиллик мажбурий таълим тизими мамлакатимиз тараққиётининг маълум босқичида ўзига юклатилган вазифаларни бажарди, лекин ҳозирги замон иқтисодиётининг шиддат билан ривожланиши шароитида унга қўйилаётган талаблардан келиб чиққан ҳолда, таълим тизимига маълум ўзгартиришлар киритилиши тақозо этилмоқда. Яъни, ўқувчи-ёшларнинг барчасини ҳам 3 йил давомида касб-ҳунар коллежларида мажбурий ўқитиш кутилган самарани бермаяпти.
Бугунги кунда 9-синф битирувчилари болаликдан ўсмирликка ўтиш даврида ўрганган жамоасидан ажралиб, турли ҳудудлардан келган турли характердаги ўқувчилардан шаклланган жамоага мослашиши қийин кечмоқда. Ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимининг тарқоқ жойлашганлиги сабабли ўқувчиларнинг аксарияти таълим муассасаларига бориб-келиш учун бир неча километр масофани босиб ўтишига тўғри келмоқда. Бу эса об-ҳаво ноқулай келган куз-қиш мавсумида ўқувчилар давоматининг кескин пасайиб кетишига сабаб бўляпти.
Куни кеча туманимиз мактабларида бўлиб ўтган йиғилишларда 11 йиллик мажбурий таълимга ўтиш масаласи муҳокама этилди. Бу жараёнда ҳеч бир ота-онанинг хоҳишистаги назардан четда қолмаслиги, яъни фарзандларимиз ота-оналари билан биргаликда ўзлари танлаган таълим муассасасида ўқишни давом эттириши, бунга ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги муҳим омил ҳисобланади. 9-синф битирувчилари сўровномалар асосида хоҳласа ўз мактабида 10-синфда ёки касб-ҳунар коллежи, академик лицейларга ҳужжат топширишлари мумкин.
Ташкил этилиши режалаштирилаётган 10-11-синфларда ўқишни давом эттирган битирувчилар 2 йил давомида таълим олади ва ҳафтанинг бир кунида махсус чуқурлаштирилган, тайёргарликни талаб этмайдиган алоҳида касблар бўйича тайёрланади. Бунда фарзандларимизга ошпазлик, қандолатчилик, иш юритувчи, сартарош, дурадгорлик, бўёқчи, бухгалтер каби касблар берилиши режалаштирилган. Бу дегани 11-синфни муваффақиятли якунлаган битирувчига давлат намунасидаги диплом берилади. Шундай экан, ҳурматли ота-оналаримиз фарзандлари келажагини ўйлаб, улар таълимнинг кейинги босқичини мактаб ёки коллежда давом эттиришлари ҳақида аниқ фикрларини билдиришлари лозим.
Ўтказилган йиғилишлар давомида ота-оналар, ўқувчиларнинг фикрлари ўрганилди.
Муҳаммадали ҚАМБАРОВ,
туман Кенгаши депутати.

