НОГИРОН ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ҒАМХЎРЛИК
«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифалар доирасида Юртбошимиз томонидан аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, айниқса, кам таъминланган, жисмоний-ақлий имкониятлари чекланган қатламни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб муносиб ҳаёт шарт-шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яқинда вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худайберганов ногирон ва кам таъминланган хотин-қизлардан бир гуруҳини қабул қилди.
Ровотлик Шоира Рўзибоева иккинчи гуруҳ ногирони, икки нафар фарзанди бор. Айни пайтда Хўжаобод маҳалласидаги хонадонда ижарада яшайди. Тикувчиликдан хабари бор. Иш бўлса, ишдан қочмайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан меҳнатга лаёқат даражаси чекланган хотин-қизларга кўмаклашиш бўйича яратилган янги тизим бўйича пахта тозалаш корхонаси билан тузилган шартномага асосан Шоира Рўзибоева касаначилик меҳнатига жалб қилинди. Энди у пахта териш учун этак, ишчи қўлқопи ва бошқа эҳтиёж учун зарур бўлган маҳсулотларни тайёрлаб етказиб беради. Бу билан унга уйда, фарзандлари ёнида ишлаш имкони яратилди.
Ўнҳаёт шаҳарчасининг Обод маҳалласида истиқомат қилувчи Баҳром Ҳамидов иккинчи гуруҳ, Маҳмуда Абдуллаева учинчи гуруҳ ногирони. 7 сотих ҳовлида тўрт хўжалик, 14 киши яшайди. Бу оилага Юртбошимизнинг туҳфаси – арзон уй-жой олиш имкони яратилди ва 10 миллион сўм дастлабки тўлов тўлаб берилди. Улар ҳам касаначи сифатида меҳнат фаолиятларини бошлаб юборишди.
-Давлатимиз раҳбари томонидан меҳнатга лаёқати, жисмоний имкониятлари чекланган, уй-жойга муҳтож хотин-қизларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар замирида инсон манфаатларини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам, -дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Уйчи туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Жамолиддин Низамов. -Уларнинг лаёқатига мос уй меҳнати билан банд қилиш, жамиятда муносиб ўрин топишларига кўмаклашиш бундан кейин ҳам доимий эътиборда бўлади.

