ХАЛҚ БАҲОСИ – ҲАҚ БАҲО
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад – фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришдан иборат.
Тан олиб айтишимиз керак, бугунги кунда суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқ кўплаб муаммолар мавжуд. Бу эса суд тизимида фаолият кўрсатаётган барча раҳбар ва масъул ходимларнинг ўз хизмат бурчини садоқат билан, адолатли ва масъулиятли бажаришини талаб этади.
Жорий йилнинг 6 июль куни мамлакатимиз суд тизимида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси судьяларининг Ўзбекистон халқига мурожаати эълон қилинди. Ушбу мурожаатнома юртимиздаги ҳар бир суд биносининг кўринарли жойига ўрнатилади. Суд биносига кираётган юртдошларимиз мурожаатнома билан яқиндан танишиб, адолатли суд қандай бўлиши кераклиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлади. Бинодан чиқаётган ҳар бир фуқаро судьяларнинг фаолиятига, уларнинг мурожаатномада зиммасига олган мажбурият ва масъулиятни қандай бажараётганига муносабат билдириш ва ўз муносабатини ёзма равишда қутиларда қолдириши учун имконият яратилади. Судьяларнинг иши ана шу тарзда баҳоланади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси судьяларининг Ўзбекистон халқига қилган тарихий мурожаати ҳар бир судья иш фаолияти мобайнида оғишмасдан амал қиладиган мезон бўлиб қолиши, шубҳасиз.
Бахтиёр КАСИМОВ,
туман маъмурий судининг раиси.

