Юртим
Буюк тарихингдан таралар зиё,
Дунёнинг дояси ўзингсан, Ватан.
Беҳишт боғларидан яралган гўё –
Жаннатнинг сояси ўзингсан, Ватан!
Шукр, қучоғингда камолот топиб,
Азиз инсон бўлиб ўсганларимга.
Муқаддас байроғинг юзидан ўпиб,
Номардлар йўлларин тўсганларимга.
Минг ҳамд-санолар айтмайин нечун,
Муқаддас диёрим, она маконим?
Тоабад тинчлигинг, равнақинг учун
Жоним фидо бўлсин, Ўзбекистоним!
Истиқлол йўлида жон фидо этган,
Улуғ боболарим руҳи бугун шод.
Буюк Йўлбошчимиз қўлидан тутган
Халқимиз фаровон, юртимиз обод!
Кун сайин нурафшон келажак томон
Шахдам қадам ташлар ўғил-қизларинг.
Келмоқда шундайин ажиб бир замон,
Оқлагаймиз қутлуғ нону тузларинг.
Сени азиз қилган Яратган ўзи,
Қадрли нима бор қадрингдан, Ватан?
Жасурнинг қалбидан ўчмас бир сўзи
Роббим айирмасин бағрингдан, Ватан!
Жасурбек АБДУРАҲМОНОВ.

