БАРЧАМИЗГА ДАХЛДОР

Умр инсонга бир маротаба бериладиган ниҳоятда буюк, қиёси йўқ неъмат. Унинг ўзига яраша, ўз вақтида қадрли фасллари бор. Болаликнинг, ёшликнинг унутилмас завқи шавқи бўлганидек, кексаликнинг ҳам фароғатга тўлиқ фазилати бор. Буни, айниқса, биз, нуронийлар чуқур ҳис қиламиз. Сабаби, ўзбек элидек болажон халқ бўлмаганидек, кексаларни ҳам бошига кўтарадиган юрт йўқ дунёда. Шунинг учун ҳам юртимиз обод, турмушимиз фаровон.

Нуронийларни эъзозлашдек минг йиллик қадриятларимиз истиқлол даврида давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, янада сайқал топмоқда. Биринчи Президентимизнинг кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш йўлида бошлаган хайрли ва эзгу ишларини бугун муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев изчил давом эттирмоқдалар.

Президентимизнинг нуронийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш юзасидан чиқарган «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини Ўзбекистонимиздаги миллати-ю динидан қатъи назар, қанчалаб кексалар дуои хайр билан қарши олганларини тасаввур қилиш қийин эмас. Ахир умрини шу халқ хизматига бағишлаган, уруш, қатағон, кўплаб қийинчиликларни кўрган, озми-кўпми эл-юрт фаровонлигига ҳисса қўшган инсонлар ўз меҳнати шу даражада юксак қадрланса, кўзидан нур, белидан қувват кетганда кўргани меҳр-оқибат, иззат-икром ва ғамхўрлик бўлса… Бунга шукр қилмай, дуо қилмай бўладими?!

Вилоят, туманлар марказларида «Нуронийлар маскани» мажмуаларини қисқа муддатда қуриб, топширилаётгани, бу ерда яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида ҳар қанча ғурурланиб, фахрланиб гапирсак арзийди. Гўзал Наманганимиз марказида очилган «Нуронийлар маскани» мажмуаси ҳам узукка кўз қўйгандек шаҳримиз чиройига ўн чандон чирой қўшди.

Кексаларни эъзозлаш, чекка-чекка ҳудудда яшовчи нуронийларимизни қадрлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар кўлами ҳар йилгидан ҳам кенгайганининг шоҳиди бўлиб турибмиз. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилган эътибор – айримларига уй совға қилингани, Ҳаж зиёратига бориш, имтиёзли автомобиль харид қилиш имкониятлари берилгани ёки бугунги кунда пенсия ёшига етган фахрийларимизга пенсия гувоҳномалари тантанали равишда топширилиб, нафақага кузатилганда уларнинг ҳаётдан, ўтган умридан рози эканликларини миннатдорлик билан изҳор қилишаётганини кўриб, бошланган эзгу ишлар нақадар тўғрилигига амин бўлдим.

Яқинда бир катта анжуманда Юртбошимиз «Ўз уйингни ўзинг асра!» деган даъватга бугун «Ўз болангни ўзинг асра!» деб қўшимча киритиш вақти келди, деган эдилар. Бу, биз, нуронийларнинг ҳам зиммасига катта масъулият юклайди. Маҳаллаларда, керак бўлса оилаларга кириб бориб, ёшларимиз таълим-тарбияси учун ҳар биримиз масъул эканлигимизни таъсирчан сўзларимиз билан тушунтира олишимиз, фарзандларимиз бугун қаерда, ким билан юрибди, нима билан машғул, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаяптими, онгу тафаккурида қандай ўзгаришлар кузатиляпти, деган қатор саволларни беришимиз, уларга жавоб топишимиз ва Ватанга садоқат, муҳаббат билан меҳнат қилиш тушунчасини сингдира олишимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Бундай Ватан, бундай халқ, бундай давлат яна қаерда бор?

«Ойнаи жаҳон» ва оммавий ахборот воситалари орқали бутун дунёда бўлаётган алғов-далғовни кўриб, билиб турибмиз.

Шундай экан, биз, нуронийларнинг тилимизда ҳам, дилимизда ҳам озод ва обод, тинч-осойишта, невараларимиз келажаги ёруғ юртда яшаётганимиз шукронаси.

Аммо биз фақат дуо-ю шукрона билан чекланиб қолмаймиз. Ёшлар тарбияси, оилалар мустаҳкамлиги, маҳалла ҳамжиҳатлигига биз, нуронийлар ўзимизни энг биринчи масъул деб биламиз. Жамиятимиз равнақига дахлдор эзгу ишларга доимо бош-қош бўламиз.

Тоҳиржон ИСМАТИЛЛАЕВ,

Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси.