ОҒУФУРУШЛАР «ОПЕРАЦИЯСИ»ГА НУҚТА ҚЎЙИЛДИ

Зарарли одатларнинг энг ёмони бу гиёҳванд моддалар истеъмолига ружу қўйишдир. Охири вой бўлган оғуга ўрганган жабрдийда кимсалар яқинлари, бутун жамиятга ташвиш туғдирадилар. Улар ўз нафслари йўлида оғу «савдогар»лари тегирмонига сув қуяётганларини билмайдилар ҳам. Бундан кимга зарар, кимга фойда? Ҳеч кимга заррача нафи йўқ бу заҳри қотилнинг. Ҳаттоки, шу «бизнес» орқасидан мўмай пул топишга уринаётган оғуфурушларга ҳам. Наркотрафик иштирокчилари чучварани хом санайдилар, чоғи. Улар қанчалик устамон бўлишмасин, енг ичида иш битиришга уринишмасин, қилни қирқ ёрувчи қонун ҳимоячилари бор. Яқинда ички ишлар идоралари томонидан навбатдаги жиноий иш фош этилди, оғуфурушлар «операцияси»га нуқта қўйилди.

Шу йилнинг 23 май куни «Назорат-харид» тадбирининг шартли иштирокчиси Малик Шоҳидов (исм-шариф ўзгартирилган) айбланувчилардан оқ қопга ўралган, тўқ яшил рангли, нам ҳолдаги (янги узилганга ўхшаш), майдаланган моддани 200 000 сўмга сотиб олаётган вақтида ички ишлар ходимлари томонидан ушланди ва ашёвий далиллар холислар иштирокида текшириб кўриш учун олинди.

Тўрақўрғон туман ИИБ ЭКГ экспертининг хулосасига кўра, ушбу модда марихуана эканлиги кўрсатилган.

Айбдорлар ким, деб ўйларсиз? Афсуски, улар тумандошларимиз – Нурали Пардаев ҳамда Фурқат Воҳидов (исм-шарифлар ўзгартирилган). Ёшлари қирқдан ошган бўлса ҳам улар оқ билан қоранинг фарқига бормадилар.  Халқ олдида, оиласи ва фарзандлари олдида юзлари шувит бўлди. Тўғри йўлдан адашган бу «шоввоз»ларнинг қилмиши суднинг қора курсисида сарҳисоб қилинди. Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар икковига 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Музаффар МУСАБАЕВ,

туман прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.