ТЎЛОВЛАР КЕЧИКТИРИЛИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ
Республикамизда электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида жиддий камчиликлар тўпланиб қолганди. Бу эса дебитор қарздорликни кескин камайтириш, ушбу тизимларни ривожлантириш, ижро иши юритиш самарадорлигини оширишга имкон бермасди. Қолаверса, иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, ёқилғи-энергетика комплексини модернизациялаш ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётганди.
Президентимизнинг шу йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони тизимдаги шу ва шу каби кўплаб муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилиб, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш, энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш, энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларининг жорий этилиши устидан мониторинг ўтказиш, электр, газ узатиш ва тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш кабилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Фармонга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб истеъмолчилар – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Акс ҳолда истеъмолчи – жисмоний шахслар белгиланган тартибда электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан мажбурий узилади.
Эндиликда жисмоний шахслардан бошқа истеъмолчиларга, яъни юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга энергия ресурслари олдиндан 100 фоиз ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда, мазкур истеъмолчиларга нисбатан электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади. Электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчи – жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида, истеъмолчи – юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағларни ўтказиш орқали ундирилади.
Бир сўз билан айтганда, Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши биринчи навбатда истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Демак, туманимизда истиқомат қилаётган истеъмолчилар мазкур Фармон талабларига қатъий риоя қилсалар, фойдаланилган энергия ресурслари ҳақини ўз вақтида кечиктирмасдан тўлаб борсалар бунинг, аввало, ўзлари учун нафи каттадир.
Шерали МАМАРИЗАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман бўлими бошлиғи.

