ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ – САЛОМАТЛИККА КОНИ ФОЙДА
Ёз фасли ўзининг юқори ҳарорати ва саховатпешалиги билан бошқа фасллардан ажралиб туради. Бу даврда турли мева-сабзавотлар, полиз маҳсулотлари пишиб етилади.
Ушбу маҳсулотлар таркибида инсон организми учун керакли бўлган минераллар, моддалар, витаминлар мавжуд, лекин уларнинг калорияси кам ва кун давомида сарфланадиган қувватнинг ўрнини боса олмайди. Шунинг учун гўшт маҳсулотлари ва унинг ўрнини босувчи маҳсулотлар кунлик таомномага киритилиши зарур. Лекин қовурилган ва ёғли маҳсулотлар ҳазм трактини бузади. Шу боис ёзнинг иссиқ кунларида кўпроқ қайнатма шўрва, карам шўрва, мошхўрда, мастава ва бошқа буғда пиширилган таомларни истеъмол қилиш тавсия қилинади. Кабобни хуш кўрадиганлар эса уни сабзавотлардан тайёрланган салатлар билан истеъмол қилишлари лозим. Дудланган гўшт, қази ва тузланган маҳсулотлар кунлик рациондан олиб ташлангани маъқул.
Одатда эрталабки нонушта кунлик овқат миқдорининг 25 фоизини ташкил этади. Лекин ёз фаслида куннинг узунлигини эътиборга олган ҳолда нонуштада тановул қилинадиган маҳсулотлар миқдорини яна 10 фоизга кўпайтириш керак. Қовун ва тарвузни тушлик вақтида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки бу маҳсулотларнинг таркибидаги углеводлар инсонга қувват бахш этади.
Кечки овқатни соат 21.00 дан кечикмасдан истеъмол қилиш зарур. Турли мевалардан тайёрланган шарбатлар иссиқ кунларда айни муддаодир. Шунингдек, кўпроқ қайнатиб, совутилган сув ичиш даркор. Қора чой, кўк чой ва турли дамламалар ҳам жуда фойдали бўлиб, улар организмнинг минерал моддалар ва витаминлар билан тўйинишига ёрдам беради. Соғлом одамлар учун сувнинг бир кунлик истеъмол меъёри 3 литргача бўлиши керак. Юрак қон-томир касаллиги, буйрак хасталиги бор инсонларга сувни кўп ичишни маслаҳат бермаймиз.
Бир сўз билан айтганда, бу даврда соғлом ва тетик юришнинг муҳим шартларидан бири тўғри овқатланиш, кўпроқ суюқлик ва мева шарбатлари истеъмол қилиш ҳамда шахсий гигиена қоидаларига риоя этишдадир.
Эргашбой МАМАДАЛИЕВ,
туман ДСЭНМнинг санитария бўлими мудири.

