«ЮРТ ТАРАҚҚИЁТИ ЙЎЛИДА БИРЛАШАЙЛИК!» шиори остида ўтказилган форуми иштирокчиларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари аъзоларига МУРОЖААТИ

Ҳурматли касаба уюшмалари аъзолари!

Азиз юртдошлар!

Барчамизга яхши маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бутун халқимизнинг саъй-ҳаракатларини ягона олижаноб мақсад – изчил ва барқарор ривожланаётган, эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини барпо этиш йўлида бирлаштиришга даъват қилди.

Шу  улуғвор  мақсад  йўлида  давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» ишлаб чиқилди ва ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Ўз сафларида 6 миллион 300 минг нафардан ортиқ аъзони бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари вакиллари, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ва тармоқларида фидойилик кўрсатган меҳнат фахрий-лари, юртимиз ифтихорига айланган илм-фан, санъат, спорт ва бошқа соҳалар намояндалари – барчамиз «Ҳаракатлар стратегияси»ни қўллаб-қувватлаймиз ҳамда бу дастурий ҳужжатни амалга оширишдаги иштирокимизни янада кучайтиришимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.

Қадрли касаба уюшмалари аъзолари!

Сизларга «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»ни ҳаётга самарали татбиқ этиш йўлида бирлашиш, жипслашиш, ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб бориш учун мурожаат қилмоқдамиз.

«Ҳаракатлар стратегияси»ни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга доир Давлат дастурида белгиланган энг муҳим вазифалар талабларидан келиб чиқиб, касаба уюшмаларининг диққат-эътиборини қуйидаги асосий вазифаларга қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Биринчи устувор йўналиш – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш бўйича:

-демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда, айниқса, ижтимоий соҳани ривожлантиришда касаба уюшмаларининг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар билан ҳамкорлигини янада кучайтириш;

-давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, бу борада белгиланган қонун ҳужжатлари лойиҳаларига касаба уюшмаларининг асосланган таклифларини киритиш;

-тармоқ, ҳудудий ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раҳбарларининг салоҳияти ва нуфузини кўтариш, уларни давлат органлари ва иш берувчиларнинг тенг ҳуқуқли ижтимоий ҳамкорига айлантириш;

-жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш, хусусан, касаба уюшмалари томонидан олиб бориладиган жамоатчилик назоратининг ягона механизмини шакллантиришимиз зарур.

Иккинчи устувор йўналиш – қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича:

-фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, бу борада қонунчиликда белгиланган касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларидан тўлиқ ҳамда самарали фойдаланиш;

-жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришда тегишли мутасадди идоралар, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликнинг янги, самарали шаклларини жорий қилиш;

-касаба уюшмаларининг юридик хизмати фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан, касаба уюшмалари аъзоларига бериладиган бепул ҳуқуқий ёрдам кўламини кенгайтириш;

-Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ўртасида меҳнат муносабатларига доир масалалар юзасидан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим.

Учинчи устувор йўналиш – иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш бўйича:

-касаба уюшмалари иштирокида тузилган бош, ҳудудий ва тармоқ келишувлари, жамоа шартномаларидан корхона, ташкилот, муассасалар ва пировард натижада республика макроиқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашнинг таъсирчан ҳамда самарали механизми сифатида фойдаланишда уч томонлама ҳамкорликни кучайтириш;

-иқтисодиётнинг реал секторида тариф келишувлари ва мосланувчан жамоа шартномаларини қабул қилиш амалиётини кенгайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

-таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, етакчи тармоқларни модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларида иш берувчилар ва ходимлар манфаатлари уйғунлигини таъминлашга фаол кўмаклашиш;

-иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни  қўллаб-қувватлаш;

-кичик бизнес субъектлари ходимларини касаба уюшмаларига фаол жалб қилиш, меҳнат муносабатларини тўғри йўлга қўйиш, меҳнат муҳофазасини ташкил этиш масалаларида кичик бизнес субъектларига касаба уюшмалари томонидан бериладиган ҳуқуқий маслаҳатлар кўламини кенгайтириш;

-корхоналарда меҳнат қонунчилиги, меҳнат муҳофазаси ва иш ҳақининг меҳнат стандартларига мувофиқлиги бўйича мониторинг ишларини кучайтиришимиз талаб этилади.

Тўртинчи устувор йўналиш – ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича:

-аҳолининг бандлиги ва реал даромадларини изчил оширишда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш;

-жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кекса авлод вакилларини маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тегишли чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этиш;

-уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, нафақахўрлар, ногиронлар, ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа ночор қатламлари вакилларининг санаторий муассасаларида бепул даволанишини ташкил қилиш;

-хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш;

-жойлардаги болалар оромгоҳлари ва санаторийларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда болаларни, аёлларни, умуман, оилаларни соғломлаштириш ва дам олдириш самарадорлигига эришиш;

-нотинч оилалар фарзандлари, уюшмаган ёшлар, иш билан банд бўлмаган, «оммавий маданият» таъсирига тушиб қолган йигит-қизларнинг хатти-ҳаракатларини назоратга олишда уларнинг ота-оналари масъулиятини оширишга, кашандалик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш ва бошқа иллатлар профилактикасига оид таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш борасидаги фаолиятимизни янги босқичга олиб чиқишимиз зарур.

Бешинчи устувор йўналиш – хавф-сизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш бўйича:

-хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни тарғиб қилиш борасида касаба уюшмалари иштирокини таъминлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш;

-халқаро ҳамкорлик муносабатларини изчил ривожлантириш, хусусан, Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) конвенцияларини ратификация қилиши, ратификация қилинган конвенцияларда белгиланган мажбуриятларни бажариши йўлида ХМТ билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш;

-Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси билан ҳамкорликни янада кучайтиришимиз талаб этилади.

Форум иштирокчилари мамлакатни модернизациялаш ва янгилаш, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш борасидаги устувор дастурлар ижросини таъминлаш йўлида барча ишчи-хизматчилар, раҳбарлар, мутасаддилар, деҳқон-фермерлар, талаба-ўқувчиларни:

-ўз меҳнат вазифаларини ҳалол ва сидқидилдан бажариш;

-ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, меҳнат унумдорлигини ошириш, ресурсларнинг иқтисод қилинишига кўмаклашиш;

-энергия ресурслари истеъмолини қисқартириш ва ишлаб чиқаришда ундан фойдаланиш  самарадорлигини ошириш;

-технологик жараёнларни ҳамда материал хом ашё ресурсларини сарфлаш нормаларини ва ноишлаб чиқариш харажатларини оптималлаштириш;

-ўз малакасини муттасил ошириб бориш асосида илғор тажрибаларни ўзлаштириш, фан ва техника ютуқларини амалиётга жорий этиш, рацио-нализаторлик ва ихтирочиликни ривожлантириш;

-ташкилотларнинг муваффақиятли фаолият юритишига, меҳнат маданияти ва интизоми кўтарилишига эришиш, ҳар бир жамоада жамоа шартномасини тузиш, унинг бажарилиши устидан назоратни йўлга қўйиш ишларида жонбозлик кўрсатишга чақиради.

Биз,  форум иштирокчилари  барча касаба уюшмалари аъзоларини муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган «Ҳаракатлар стратегияси»ни амалга оширишда ўз билим ва салоҳияти, ғайрат ва шижоати, ғоя ва таклифлари билан фаол қатнашишга, Йўлбошчимиз атрофида жипслашишга даъват этамиз!

Ўзини мана шу Ватан фарзанди деб ҳисоблайдиган, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бевосита дахлдор деб билган ҳар бир касаба уюшмаси аъзосини мамлакат тарақ-қиёти учун ғоят муҳим бўлган бу жараёнда барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, бир сўз билан айтганда, «Бир ёқадан бош чиқариб» фаолият юритишга чақирамиз.

Азиз дўстлар!

«Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

Ўзбекистон касаба уюшмалари форуми иштирокчилари.