ТАЪМАГИРНИНГ ТАВБАСИ

Инсонни жиноят кўчасига етакловчи унсурлар ҳақида яхши тушунчага эгамиз. Улар, охир-оқибат, кишини эл-улус олдида шармандаи шармисор қилишини ҳам биламиз. Аммо унинг вақтинчалик текин топилган даромаддан сархушлик ҳолати анча-мунча иймонига қулоқ солмаган шахсни ўз домига тортаверади.

Уйчилик Ҳамида Жумаева (исм-фамилия ўзгартирилган) бир неча йиллик тажрибага эга ҳамшира ҳамкасблари ва раҳбарлари орасида ўзига яраша обрў-эътиборга эга, жамоада ўз ўрни бор ходим эди. Аммо у мисқоллаб йиғиб келаётган обрўсининг ер билан яксон бўлишига ўзи тамал тошини қўйди. Ҳамида таниши Ҳилола Насимованинг қизи Наимани ишга жойлаб қўйиш учун 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни таъмагирлик йўли билан қўлга киритди. Аммо ваъда қилинган ҳамширалик иши йиллар ўтса-да ваъдалигича қолиб кетди. Пулни қайтаришдан эса дарак бўлмади.

Ушбу жиноий иш Ҳ.Жумаевани суднинг қора курсисига олиб келди. Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судида кўриб чиқилган ушбу жиноий иш атрофлича ўрганилди. Суд айбланувчи Ҳ.Жумаевага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

Анвар НИЗАМОВ,

вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори.