ШАРТНОМА – ҚОНУНИЙЛИКНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги органларига шартномаларни тузишда ва бажаришда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шартнома интизомига риоя этмаган хўжалик юритувчи субъектлар, энг аввало, уларнинг мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш чораларини кўриш, шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш вазифаси юклатилган. Бу борада вилоят адлия бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2017 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича 22 турдаги 38 мингдан ортиқ шартномани тузишда тарафларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Бошқарма ходимлари томонидан 2017 йилнинг ўтган 6 ойи давомида шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқиб, 24 та ташкилотда ўрганишлар, 81 та ташкилотда мониторинглар ўтказилди. Ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар жараёнида шартномаларни тузишда 4406 та, шартномаларни бажаришда 2690 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Уларни бартараф этиш ва келгусида бу каби қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан жами 79 та тақдимнома, 84 та огоҳнома, 4 нафар мансабдор шахсни моддий, 13 нафар мансабдор шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар, судларга жами 1 млрд. 946 млн. 177 минг сўмлик 155 та даъво аризаcи киритилди. Уларнинг 1 млрд. 940 млн. сўмлик 149 таси фермер хўжаликларининг манфаатини кўзлаш билан боғлиқ.

Кўрилган таъсир чоралари натижасида 77 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 9 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, 13 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Киритилган тақдимномаларга асосан фермер хўжаликларига 7 млрд. 864 млн. сўм маблағ тўлаб берилиши таъминланди. Судлар томонидан 152 та 1 млрд. 630 млн. 278 минг сўмлик даъво аризаси кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди.

Шунингдек, хорижий тажрибани ўрганган ҳолда шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш, фермер хўжаликларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, таъкидлаш жоизки, адлия органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларга шартномаларни тузишда ва бажаришда ҳуқуқий ёрдам бериб борилади ҳамда шартнома интизомига риоя этмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чоралари қўлланиши таъминланади.

Алимардон ИНОМОВ,

вилоят адлия бошқармаси масъул ходими.