АМАЛПАРАСТГА
Қўлтиғингдан тушди тарвузинг,
Йиғилишдан чиқдинг бўшашиб.
Иш жойингдан қирилди изинг,
Энди ўзинг олгин кенгашиб.
Амал мерос эмас, биласан,
Ёқтирмади сени маҳалла.
Билсам амалпараст кимсасан,
Янги бошқа амални танла.
Ишхонанинг калитин бермай,
Муҳрниям чўнтакка солдинг.
Орсизмисан кўпдан уялмай,
Тағин хона сари йўл олдинг.
Оддий эдинг бошлаганда иш,
Кейинчалик кўзинг ёғ босди.
Ўзгарди тез юриш ва туриш.
Билмам сенга кимлар ён босди.
Парвонасан нега курсига,
Қўлдан кетиб қолдими амал?
Ўргангандинг хона исига,
Сенга амал мисоли асал.
Варақдаги бир имзо учун,
Тиланчидай сўрар эдинг пул.
Ҳа, қийналиб қолдингми бугун,
Амалингга бўлганмидинг қул?
Айт-чи бирор ҳовлига кириб,
Одамлардан олдингми хабар?
Қилар ишинг эдику фириб,
Дер эдилар уста фирибгар.
Бет қалини жонинг ҳузури,
Ололмассан бундан сўнг пора.
Оламда кўп ишларнинг тури,
Ўрин тополмаган бечора.
Абдумалик ЮСУПОВ.

