ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ХАВФ СОЛСА…
Маълумки, диний экстремистик кучлар ўтган ХХ асрнинг сўнгги йилларида ўта хавфли тусга кириб, дунё тинчлигига жиддий хавф сола бошлади. Айтиш жоизки, ушбу вайронкор куч найрангларига мамлакатимиз биринчилардан бўлиб дуч келди. Марказий Осиё минтақасида залворли ўринни эгаллаб турган Ўзбекистон ҳанузгача экстремистик кучларнинг диққат-марказида.
Бунга яққол мисол қилиб Намангандаги исёнчилар ҳаракати, Тошкент шаҳридаги 1999 йилги февраль воқеалари, 2005 йилги Андижондаги акромийлар хуружи кабиларни келтиришимиз мумкин.
Ўзбекистондаги тинч-осуда ҳаётни издан чиқариш бутун минтақада нотинчликни пайдо қилиш, ҳудудни қурол-аслаҳа, наркотик моддалар олди-сотдиси ва одам савдосини авж олдириш учун қулай манзилга айлантириш йўлларини очиб беради. Худди шимолий Африка, форс кўрфазида рўй бераётган қирғинбарот ва талафотларни кўз олдига келтирган киши буни тасаввур қилиши қийин эмас.
28 июль куни туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида «Диний экстремистик ва террорчи гуруҳларнинг иш усули, ғаразли ғояларига қарши курашиш чоралари» мавзусида бўлиб ўтган ўқув семинарида ана шулар ҳақида батафсил тўхталинди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи Нуримон Абдулҳасан, вилоят ички ишлар бошқармаси вакили Отабек Жабборов, вилоят бош имом хатиби Абдулҳай Турсунов дунёда рўй бераётган нотинч вазиятларга баҳо бериб, ёшларимизни турли ғаразли оқимлар таъсиридан асраш, уларнинг маънавий дунёсини шакллантиришда кенг жамоатчиликнинг роли хусусида батафсил тўхталдилар.
Семинарда ички ишлар, диний идоралар ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди. Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакили Азамат Абдураҳмонов иштирок этди.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

