«ИНТИЗОРИНГМАН»

Бир адибнинг шеърий гулдастаси ҳамма шеърият мухлисига бирдай манзур бўлавермайди. Чунки шоир қалбини тушуниш, айтганларини англаб етиш учун муаллиф қалби билан ҳис этиш, хаёлоти билан сайр қилиш, фикри билан ўйлаш керак бўлади.

Учқўрғонлик ижодкор Дилрабо Юсупованинг «Интизорингман» дея номланган шеърий тўплами барча шеърият ихлосмандларини бирдай хаёлот оламига етаклаш қудратига эга. Унинг соғинч, она-юртга, инсонларга бўлган соф туйғулар ҳақидаги сатрлари айнан Дилрабогагина хос бўлган назм боғида сайр этишга ундайди. Қуйида унинг ижодига мансуб шеърлар тўпламидан бир шингил сизларга ҳам илиндик.

 

СОҒИНЧЛАРДАН…

Соғинчлардан бу кўзларим толиб кетди,

Соғинчлар ҳам дил оромим юлиб кетди,

Тортиб кетди андуҳларим гирдоблари,

Қайғуларда ширин жоним қолиб кетди.

Хаёлларим мени қайга бошлаб кетди,

Армонларим кўзларимни ёшлаб кетди.

Соғинтирган инсон дилим ғашлаб кетди,

Наҳот, бахт ҳам мени ёлғиз ташлаб кетди…

 

АЙРИЛИҚ ДАРДИ

Айрилиқ азоблари қанчалар оғир,

Териб-териб, адо қилмам синиқларини

Юракдаги санчиқларим жонимда оғрир,

Йиғлаб-йиғлаб, бўшатолмам андуҳларини.

Чаманзорим қуршаб олган ёлғизлик дарди,

Чаппар гулга сочар қаҳру ғазабларини.

Ҳижронларнинг дағдағаси ортгандан ортиб,

Тилка-тилка қилди таранг асабларимни.

Кунларимнинг шаффоф ранги йўқолди энди,

Фалакларга боқиб, бўзлаб нолалар қилдим.

Бевафо ёр менсизликка эҳтимол кўнди,

Мен кўнмадим, усизликка, райҳондай сўлдим.

 

СОКИН ТУН

Сокин туннинг бағрида юрак,

Чақмоқ каби ярқирар бирдан.

Даричадан мўралар тилак,

Қўл узатар елкамга кўкдан.

Мен ҳисларим наво айлайин,

Фалакдан ишқ, муҳаббат сўраб.

Садоқатим тумор қилайин,

Орзуларим гулларга ўраб.

Оғушимда туйғу ёмғири,

Армонларим ювиб ташлайди…

Сокин елнинг майин таъсири,

Мени ҳаловатга бошлайди…

Дилрабо ЮСУПОВА.