ФИРИБГАРНИНГ ФИРИБИ
Бугунги кунда ҳуқуқбузарликлар ва жиноят-ларнинг содир этилиши сабабларини чуқур таҳлил қилиб бориш, аниқлаш ва шу асосида уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўриш ҳамда жойларда қонунийликни янада мустаҳкамлаш борасида бўлимимизда олиб борилаётган ишлар тубдан кучайтирилди. Жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида умумий жиноятлар 8,31 фоизга (131-120) камайтирилишига эришилди. Бироқ айрим жиноятлар тури салмоғининг юқорилиги жиддий ташвишга солади. Ана шундай жиноятлар дан бири – фирибгарлик 12 фоизга (16-18) ортиб кетган.
Наманганлик Н.А.(исм-фамилия шартли) уйчилик таниши К.Ю.нинг пулларига эга чиқишда айнан фирибгарлик йўлини тутди. К.Ю. Россияда ишлаб юрган кезлари унинг бувиси билан салом-алик қилиб юрган Н.А. ушбу оиланинг Тошкентдан уй олиш режаси борлигини билиб қолади. Шундан сўнг пойтахтнинг Юнусобод туманидаги онасининг номида бўлган квартирани сотиш режаси борлигини айтиб, алдов йўли билан 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни олиб, ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборади.
Хориждан қайтган К.Ю. билан кўришганда эса Намангандаги ўзи яшаб турган (фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган пуллар эвазига сотиб олинган) хонадонни расмийлаштириб беришни ваъда қилади ва яна 3 млн. сўм ҳамда 1300 АҚШ доллари беришини айтади. Ушбу пулларни қўлга киритгач, яна жуфтакни ростлаб қолади.
Жабрланувчи К.Ю. бўлимимизга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Ушбу жиноий иш юзасидан олиб борилган тергов ва суриштирув ишлари ниҳояланди. Айбланувчи Н.А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноий ҳаракатларни содир этган деб топилди, айблов хулосасини тасдиқлаш учун жиноят иши билан биргаликда туман прокуратурасига юборилди.
Муродилла ЮНУСОВ,
туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, подполковник.

