ЯНГИ МАРРАЛАР САРИ

Гавҳархон ВАЛИЕВА,

туман Кенгаши депутати.

-Фармонда Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб кичик бизнес корхоналари томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови учун ҳисобланган сумманинг 8 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармасига ўтказилиши белгиланди.

Таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғини биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида турли фанлар, жумладан, чет тилларни ўргатиш, компьютер дастурларини тузиш ва тадбиркорлик асосларини ўқитиш мақсадида ташкил этиладиган шуъба корхоналарини 2027 йил 1 августига қадар барча солиқлардан озод қилиш, бунда корхона ихтиёрида қоладиган сумманинг 20 фоизини Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармасига ўтказиш амалиёти жорий этилади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида 3 йил ва ундан кўп муддат давомида фаол ишлаб келаётган ходимларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитининг бошланғич тўлови, шунингдек, ташкилотнинг фаол аъзоси бўлган олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичлари талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича тўлов контракти миқдорининг 35 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Муҳим жиҳати шундаки, мамлакати-мизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш мақсадида 2018 – 2021 йилларга мўлжалланган Ёшлар уйларини барпо этиш дастури ишлаб чиқилади. Мазкур дастурда барча йирик шаҳарларда – кўп қаватли, қишлоқ туманларида – 1-2 қаватли намунавий лойиҳалар асосида арзон уйлар ёшларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб қурилиши назарда тутилади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларини рағбатлантириш мақсадида уларга «Матиз» ва «Дамас» автомашиналарини харид қилиш учун 10 йил муддатгача мўлжалланган, бошланғич тўлови 15 фоизлик имтиёзли кредитлар ажратилади.

Юқоридаги каби имтиёз ва ғамхўрликлар ёшларга куч, шижоат бағишлайди, янги-янги марралар сари ундайди.