ИҚТИДОРЛИ БОЛАЛАР МАСКАНИ
Туман халқ таълими МФМТТЭ бўлимига қарашли 34-мактабгача таълим муассасаси ҳақида гап кетганда, кўпчилик илиқ ва самимий фикрларни билдиради. Боиси ушбу маскан обод ва озодалиги, жажжилар учун барча замонавий шарт-шароитларга эгалиги билан ажралиб туради. Муассасада олтита гуруҳ бўлиб, 120 нафар кичкинтой тарбия топяпти. Йил давомида «Зумрадойлар даврасида», «Соғломжон полвонжон», шахмат, шашка, «Жажжи мусаввирлар», қўғирчоқ театри, қўшимча инглиз, рус тили тўгараклари фаолияти йўлга қўйилганлиги боис бу ерда тарбияланаётган болаларнинг нутқи равон, тили бийрон.
Озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотида ҳам узилишлар бўлмайди. Муассаса боғида мевали дарахтлар кўп. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланилади. Ёзги айвончалар соя-салқин. Кичкинтойлар учун нимаики зарур бўлса, ҳаммаси муҳайё этилган.
Муассасада касбининг фидойиси бўлган тарбиячилар Ойшахон Усмонова, Робияхон Исоқова, мусиқа, жисмоний тарбия тўгараклари раҳбарлари Улуғбек Зиётов, Муслима Абдулхаевалар меҳнат қилишади. Улар жажжиларнинг нафақат таълим-тарбияси, балки саломатлиги, санъат сирларини ўрганиб боришлари ва истеъдодлари янада камол топишига муносиб ҳиссаларини қўшишяпти.
Мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрамига бағишлаб муассасада ташкил этилган «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» деб номланган мусиқий тадбир унда қатнашган ота-оналарда ҳам катта таассурот қолдирди. Тадбир якунида муассаса мудираси Мадинахон Юсупова болажонларга совғалар топширди.
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.


