ЛИБОС ЭМАС, ДИЛ ПОКЛИГИ МУҲИМ

Исталган қиз-жувоннинг жисмини паранжига буркаб, юзига чиммат тортиб қўйиш билан иш битиб, унинг ҳаёси, покдомонлиги, ҳатто художўйлиги таъминланадими? Йўқ, албатта. Чунки эътиқод бунақанги зоҳирий «реклама»ларга муҳтож эмас. Шундай бўлгач, ҳижоб-пижобларга зўр беришдан кўра қалбнинг ғамини қилган, юракни тозалаган, кўнгилни безаган яхшироқ.

Абдулла Қаҳҳорнинг «Майиз емаган хотин» номли ҳикоясида шундай лавҳа бор: мулла Норқўзи бағоят тақводор, унинг аёли айни хусусда ўзидан ҳам ўтиб тушадиган фаришта. Шунчаликки, ҳатто осмондан самолёт ўтиб қолса, «чарс беданадай» четга чопқиллаб, юзини номаҳрамдан яширади. Унинг битта-ю битта ўртоғи бор, ўн кунлаб туриб қоладики, ҳалиги меҳмон дугонадаги шарму ҳаёнинг обдонлиги боис мулла Норқўзи ҳатто унинг овозини эшитган эмас. Алқисса, шаҳарда шариатни маҳкам ушлаган икки аёлнинг бири – хотини, иккинчиси – унинг дугонаси. Агар фаришта илгари ўтган бўлса – шунинг онаси, энди туғилса – шунинг боласи, ўзи эса фариштанинг ўзгинаси. Паранжи-ҳижоб доимо бошида.

Таассуфки, воқеанинг охири чатоқ-да. Бир бегона аёл кириб, мулла Норқўзининг хонадонида шундай тўполон кўтардики, бир тепиб, мезбоннинг оғзи-бурнини қоп-қора қон қилди-қўйди.

«Икки киши – аёллар кириб, фариштани уйдан олиб чиқишди. У атлас кўйлак, лозим кийган, бошяланг, оёқяланг, ёшгина чиройли бир йигит эди. Ҳамманинг диққати хотинча кийинган ва эшик ёнида ерга қараб турган йигитга жалб бўлди».

Ғафур Ғулом ўзбек аёлига хос минг йилги, юз йилги асл ҳақиқатни шеърга солганди: «Бизнинг хотинларга ҳаё фазилат». Аммо кийим, айниқса, ҳижобга ўхшаган нарсалар ҳаёнинг қўрғони эмасга ўхшамаяпти-да. Билъакс, мулла Норқўзидай одамнинг умрида майиз емаган хотини анавинақа қилармиди?..

Раҳматли бўлиб кетган ёши улуғ бир танишим шундай деганди:

– Юзи очиқ аёл эркак зотини кўрса, кўзини олиб қочади. Аммо кўзлари парда ортида бўлса-чи? У нигоҳини яширишга эҳтиёж сезмайди, ахир.

«Мини»-«пини»ларни кийиш ўта ёмон, албатта, очиқ-сочиқ юриш ўзбек қизига фазилат эмас. Ўраниб-чирмашиб кийиниш-чи? Буни ҳам фазилат деб бўлмайди-да. Негаки, рисоладагидай уст-бош – табиий ҳол, кўзлар унга ўрганиб кетган. Аммо очиқ-сочиқ ёки ўраниб-чирмашиб кийинган қиз-жувонлар дарров эътиборни тортади.

Энди шунча иддаодан кўзланган муродга ўтсак. Юмшоқ қилиб айтганда, кўча маданияти, кўча одобини сақлаш учун рисоладагидек кийиниш лозим. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматчилари бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди», 4-моддасида эса «Ҳеч ким диний эътиқодини рўкач қилиб қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас», деб қайд этилгани ҳолда, бунга айрим юртдошларимизнинг риоя қилишмаётганини мақтаб бўлмайди-да. Энг ёмони, диний экстремизм ва терроризм бутун сайёрамизга таҳдид солаётган айни замонда мутаассиб кучлар ўзларининг манфур мақсадларини амалга ошириш учун ҳижобли хотин-қизлардан фойдаланишга уриниши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Демак, эътиқод масаласида либос эмас, дил поклиги муҳим. Дунёвий-маърифий давлат фуқаролари сифатида ўйлаб кўринг-а, азиз аёллар. Ўранмасангиз, дахрий бўлиб қолмайсиз, ахир. Рисоладагидай кийинсангиз, жамиятимизда оғриқли нуқта биттага камайган бўларди. Жамият бу – сизу биз. Ўзимиз ҳақимизда қайғурсак, бунинг нимаси ёмон?

Расулбек  УММАТОВ.