ТЎЙ ТАШВИШ ЧАҚИРМАСИН
«Қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй қилиб, муроду мақсадларига етишибди»,-дея якун топади аксарият эртакларимиз. Буни қаранг, агар эртак, ривоят, достонлар халқ оғзаки ижодининг бир маҳсули сифатида унинг хаёлотидаги орзу-истакларини ўзида жамлашини эътиборга олсак, дабдабали тўй-маросим ўтказиш тилаги кечагина пайдо бўлмаганини англаб етамиз.
Ўтган асрнинг 50-йилларида: «Фалончи бой келин тушириб келиш учун от арава юборибди», -дея қишлоқда шов-шув бўлар экан. «Аксарият келинлар ота уйидан куёвникига пиёда олиб кетиларди», -дея хотирлашган кекса авлод вакиллари.
Эътиборли томони, улар қанча камтарона тўй ўтказмасинлар, бахтиёр яшаб келганлар. Вафо, садоқат, фарзанд тарбияси, рўзғор тутиш маҳорати бўйича биз, янги асрнинг энг интеллектуал ривожланган вакилларига ҳамон ўрнак бўлмоқдалар.
Тўй киши ҳаётидаги энг гўзал тадбирлардан. «Топганинг тўйларга буюрсин», -дея дуо қилишади нуронийларимиз. Бу: «Бойлигингни фақат яхши кунларингга ишлат, ёмон кунлар сендан йироқ бўлсин», -деган маънодаги тилак. Бир умр топганингни тўйга сарфлаб, ундан кейинги даромадингни тўй харажатларининг кам-кўстига, қарзларингга йўналтириб, азоблан, -деган маънода эмас асло.
Очиғини тан олиб айтадиган бўлсак, бугун катталар ҳам, ёшлар ҳам ортиқча ҳо-ю ҳавасга берилиб, эртанги кун режаларимизни шунга қуряпмиз. Истакларимиз имкониятларимиздан бир-икки қадам олдинлаб кетди. Оқибатда, айниқса, ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшлар фикр-хаёли айнан тўй билан боғлиқ муаммолар билангина ўралашиб қолган. Тўйдан кейинги мустақил ҳаёт, рўзғор, турмуш масалалари иккинчи ўринга сурилиб кетмоқда. Ортиқча дабдабабозлик, исрофгарчилик ўз ортидан талай нохушликларни олиб келяпти. Айнан тўй кунги сарф-харажат устидаги келишмовчилик туфайли никоҳдан ўтишга борган келин-куёв ўртасида низо чиқиб, тўй тўхтаган воқеаларга ҳам гувоҳ бўляпмиз.
Агар: “Мисқоллаб пешона тери эвазига тўпланган маблағингни сувга оқиз ёки оловга ташла”, -деса, ҳеч бир ақли расо киши бунга кўнмайди, аммо тўй, ундан кейинги маросимлардаги исрофгарчиликка ҳам ақлли одам йўл қўймаслиги керак аслида.
Кўкка совурилаётган пуллар қай кўринишда намоён бўлмоқда?
Фата – келинлар учун бир кунлик ижара кўйлак.
Биринчидан, ҳаётининг энг бахтли онларини келин ижарага олинган (ундан аввал кимлардир фойдаланган) либосда ўтказишга ким мажбур қиляпти?
Иккинчидан, ўша ижара эвазига хонадонга 20 дона зотли товуқ сотиб олиб, мавсум давомида оилани тухум билан таъминлаш имконияти бор.
Никоҳ саёҳатига мўлжалланган машина. Соати фалон минг сўм турадиган энг сўнгги русумли автомобилнинг 15-20 тасини қаторлаштириб, асфальт йўлда ҳеч бир автоуловга йўл бермай юришдан нима маза топилади? Бундан ташқари, ушбу маблағ тежаб қолинса, куёв-келинга кичикроқ бир оилавий бизнесни йўлга қўйиш учун кифоя бўлади.
Банкет учун кўчма саҳна, санъаткорлар, фотосессияга сарфланган маблағлар ҳам шулар сирасидан.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни жоиз деб топдик. Тўй ҳар бир хонадонга ризқ-насиба, орзу-умид, қувончу шодлик олиб кирувчи жараён сифатида ҳам азалдан ўз қадр-қимматига эга.
Бироқ кўз кўриб, қулоқ эшитмаган одатларни тўхтовсиз кашф этишимиз баробарида ўзимиз муаммолар ботқоғига ботиб бораверамиз. Оқибатда нафақат ўзимиз, балки бутун бир миллат, жамият азоб чекади. Бунинг ўрнига ҳар қандай исрофгарчиликни тарғиб қилувчи зарарли унсурдан имкон қадар ҳоли бўлиш, ундан бугуноқ воз кечиш орқалигина кўзланган эзгу мақсадларимизга эришамиз. Бу йўлда эса ҳар биримиз ўзимизни бурчли деб билишимиз даркор.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

