«УЙМА-УЙ» ЛОЙИҲАСИ АМАЛДА

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурига асосан уюшмаган ёшлар билан ишлаш мақсадида вилоятимиз ҳудудларида «Уйма-уй» лойиҳаси амалга оширилмоқда.

ЎзМТДП туман партия ташкилотининг «Ёшлар қаноти», «Аёллар қаноти» фаоллари ҳамда депутатларнинг аҳоли хонадонларида уюшмаган ёшлар, хотин-қизлар билан мулоқоти самара бермоқда. 29-Машад сайлов округидан сайланган вилоят ва туман Кенгашлари депутати Фазлиддин Муҳиддинов шу ҳудуддаги мулоқотлар жараёнида 26 ёшли Музаффар Отабоевнинг хонадонига борди. Суҳбат чоғида ушбу фуқаро бундан олти йил аввал Уйчи иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини тамомлагани, айни пайтда вақтинча ишсиз юргани аниқланди. У партия ва депутатнинг амалий кўмагида хусусий тикув цехига ишга жойлаштирилди.

Муроджон Умархонов 2015 йили Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежини тамомлаган. У ҳовлисида қорамол боқишга шароити ва қизиқиши борлигини, бунинг учун банкнинг молиявий кўмаги зарурлигини айтди. 30 миллион сўм миқдорида чорвачилик учун кредит олиш, бунинг учун эса гаровга қўйиладиган нотураржой биноси борлигини билдирди. Мазкур мурожаатни тинглаган партия фаоллари, депутатлар масалани ижобий ҳал этиш мақсадида «Агробанк» туман филиалига депутат сўровини юборишларини маълум қилишди.

Тошйўл кўчасида ўтказилган мулоқотда эса Салоҳиддин Камолов томонидан истиқболли таклиф илгари сурилди. Бундан беш йил олдин Уйчи қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини тугатган Салоҳиддин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш цехини барпо этиш ниятида. Бунинг учун унга фойдаланилмаётган бўш ер майдони зарур. Бўлажак тадбиркорнинг бизнес лойиҳаси амалга оширилса, камида 10 та янги иш ўрни яратилади. Қайд этилишича, мазкур масалани кўриб чиқиб, ижобий ҳал этиш юзасидан туман ҳокимлигига депутат сўрови юборилади. Бу билан ЎзМТДП сайловолди платформасида белгиланган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тамғаси остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни қабул қилиш, хорижий маҳсулотлар ўрнини босадиган товарларни ишлаб чиқаришга аҳд қилган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш каби устувор вазифалар ижроси таъминланади.

Эътироф этиш жоиз, «Уйма-уй» лойиҳаси доирасида партиямиз фаоллари, депутатларимиз олиб бораётган ушбу амалий саъй-ҳаракатлар аҳолининг меҳнатда банд бўлмаган қатламлари, айниқса, аниқ машғулот турига эга бўлмаган, яъни уюшмаган ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Шавкатжон  ВАҲОБОВ,

ЎзМТДП туман кенгаши раиси.