ХАЛҚАРО ТУРНИРГА ШОГИРДЛАР БИЛАН
Спортчининг ҳаёти ўта мураккаб ва машаққатли йўл. Мураббийнинг кўрсатмасига асосан ўз вақтида машғулотларни олиб бориш билангина натижага эришиб бўлмайди. Ойлаб, йиллаб қилинган заҳматли меҳнат мусобақа пайтида дақиқалар, ҳаттоки сониялар ичида ўз ҳосиласини бериши ёки чиппакка чиқиши мумкин. Чунки рўпарангда турган рақиб ҳам сен каби маҳорат тўплашда оғир довонларни босиб ўтган, ғалабага бўлган интилиши сеникидан кам эмас.
Демакки, спортчи беллашувларда руҳий тайёргарлик, ички хотиржамлик, қатъият билан ўртага чиқиши лозим. Акс ҳолда унинг турниролди машғулотларидан заррача наф йўқ.
Илҳомжон Боястанов бу борада уқуви етарли мураббий. Атиги 23 ёшни қаршилаган бўлса-да, шогирдларини ҳар бир мусобақага қунт билан тайёрлайди. Ёш спортчилар қалбида ғалабага бўлган ишончни уйғота олувчи фикрни топа олади.
Илҳомжон шарқ якка курашининг каратэ тури бўйича туманимизда етишиб чиққан иқтидор эгаларидан. Йиллар мобайнида қилинган тинимсиз меҳнат уни мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда бир неча бор ғолиблик шоҳсупасига кўтарган.
2014 йил Самарқандда бўлиб ўтган мусобақа Илҳомжон учун катта трамплин вазифасини ўтади. У Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Шундан сўнг Қозоғистонда ташкиллаштирилган халқаро турнирда икки бор иштирок этиб, бир гал олтин, бир гал кумуш медаль билан қайтди.
Илҳомжон Боястанов яккакурашнинг «Дафкундо» турини туманимизда оммалаштириш учун астойдил бел боғлаган. 34-мактаб қошида ташкил этилган тўгаракда ёш дафкундочи ўғил-қизлар камол топмоқда. Улар қўлга киритаётган натижалар ҳам ҳавас қилгудек.
Яқинда Андижонда бўлиб ўтган биринчиликда Илҳомжон қўл остида машғулот олиб бораётган Мирзабек Рустамалиев, Раҳмонжон Холматжонов, Дилшода Ҳайитмирзаева, Моҳинур Турғунбоева, Шоҳида Тошмаматовалар фахрли биринчи ўринни қўлга киритдилар. Асрорбек Неъматов, Отабек ва Мирсаид Муҳаммаджоновлар ҳам совриндорлар сафидан жой олишди.
Илҳомжоннинг келгуси режалари билан танишганимизда, жорий йил декабрь ойида Тайландда бўлиб ўтадиган мусобақага шогирдлари билан пухта ҳозирлик кўраётгани ҳақида ўртоқлашди.
Мамлакатимиз байроғини халқаро ареналарда юксакларга кўтаришга шахт қилган ёш мураббий Илҳомжон Боястанов ва унинг шогирдларига омадлар тилаймиз.
Абдул ҳаким.
Суратда: мураббий Илҳомжон Боястанов (ўртада) шогирдлари билан.

