ЭЗГУЛИК ВА МАЪНАВИЯТ
Эзгулик бор жойда, албатта, маънавият, тинчлик-тотувлик, бахту саодат бўлар экан. Халқимизнинг таъбири билан айтганда, тинчлик бўлса, тўкин дастурхон ҳам, фарзандларнинг бахту камоли ҳам, юрт ободлиги-ю эл фаровонлиги ҳам, хуллас, одамларнинг кўнглида нимаики орзу бўлса, ҳаммасини рўёбга чиқариш имкони пайдо бўлади. Инсон хотиржам бўлса, вайрона кулбаси ҳам кўзга қасрдек чароғон бўлиб кўринади. Қалби нурафшон бўлади. Одамзот минг йиллардан буён сезиб, англаб, тан олиб келаётган оддий ҳақиқат: юртда тинчлик, оилада хотиржамлик бўлмаса на маънавий, на моддий тараққиётга эриша олмайди.
Эзгулик ва маънавиятни шакллантиришда дўстлик тушунчаси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ҳақиқий дўстлик туйғусини оҳанрабога ўхшатишингиз мумкин. Тарихимизда мутафаккирлар дўстликдек муқаддас туйғуга энг катта фикрларини намоён этганлар. Ҳатто дўст юрган кўчасини кўзларига тўтиё қилганлар. Ҳазрат Алишер Навоий билан подшоҳ Ҳусайн Бойқаро дўстлиги ҳам жуда буюк ва ибратли бўлган экан. Аждодларимиз томирида мавжуд бўлган дўстликни улуғлаш анъаналари бардавомлигини истаб қолардик. Дўстга хиёнат эмас, диёнат назари билан қараш эзгулик йўлининг энг катта дебочасидир.
Ҳикоя қилишларича, бир киши дўстига халтада олтин танга бериб: «Мен сафарга кетяпман, сен шу омонатимни қайтгунумча сақлаб бергин», -дебди. Дўсти халтадаги олтин тангаларни тўкиб, ундаги олтинларни чақа тангага аста-секин алмаштира бошлабди. Ўн йилдан сўнг омонат берган киши келибди. Нияти бузуқ дўсти оддий чақа тўла халтани тутқазибди. Омонат эгаси халтада олтинлар ўрнига чақа тангаларни кўриб: «Ўзимнинг пулимни бер», -дебди. Аммо ишонган дўсти омонатга хиёнат қилинганига ишонмас эди. Омонат эгаси нима қиларини билмай, қозига шикоят қилибди. Қози уларни чақириб омонат олгандан сўрабди: «Сизга омонатни дўстингиз қачон берган?» -дебди. Хиёнаткор дўст: «Бундан ўн йил илгари берган», -деб жавоб берибди. Қози: «Агар бу киши сизга ўн йил илгари шу халтани берган бўлса, кейинги беш-олти йилда чиққан чақалар қандай қилиб халтага тушиб қолди?» -деб сўрабди ва хиёнаткордан пулни қайтариб беришини талаб қилибди.
Ўзбекистон давлати ўз сиёсатининг бош тамойили сифатида маънавият ва маърифатни асос қилиб олди. Бизнинг тинч-фаровон кунимиз шукронаси, тўкин-сочин дастурхонимиздаги файз, қалбдаги жўшқинлик, меҳр-оқибат, ватанпарварлик, меҳнатсеварликка йўғрилган юрагимиздаги чўғ ҳеч қачон сўнмасин. Худди шундай эзгуликка қамраб олган тушунчаларни ёшлар онгига сингдирмоқлик бугунги ва эртанги фаровон ҳаётимиз учун катта кўприк ясамоғи муқаррар.
Дилрабо ЮСУПОВА,
Наманган шаҳридаги 1-тиббиёт коллежининг она тили адабиёт фани ўқитувчиси, Ўзбекистон халқ таълими аълочиси.

