ТАВАККАЛ ИШ – КЕЛТИРАР ТАШВИШ

Рўзғор тебратиш учун иш излаб четга чиқиш шарт эмас. Ҳалол меҳнат қиламан, деган юртдошларимиз давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Сўзимизнинг тасдиғи сифатида тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётгани, бандликни таъминлашга кўмаклашувчи кўплаб истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилаётганини айтишимиз мумкин.

Лекин негадир айрим юртдошларимиз кўр-кўрона ноқонуний меҳнат миграциясининг иштирокчисига айланишмоқда. Алалоқибат, улар ўзларини сарсон-саргардонлик ва хору зорликка гирифтор этмоқдалар. Ўзга юртларда ноқонуний ишлаган даврлари учун меҳнат стажи юритилмаслиги ва бошқа имтиёзлардан фойдалана олмасликлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаяптилар. Бундан ҳам ачинарлиси, улар оғир меҳнат шароитларида турли юқумли касалликларни орттириб олишлари, одам савдосининг қурбонига айланиб, азият чекишлари, шунингдек, терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолишлари эҳтимолдан ҳоли эмас.

Демак, чет давлатларда ишлаш истагидаги юртдошларимиз, аввало, хорижда ишлашнинг қонуний йўл-йўриқлари ҳақида тушунчага эга бўлишлари ва шу асосда таваккал қилмасдан аниқ қадам босишлари зарур. Қолаверса, хорижда ҳам фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояловчи Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги тузилмалари, консуллик муассасалари фаолият юритмоқда.

«Чет эллардаги ёшлар билан ишлаш масаласи ҳақида гапирадиган бўлсак, афсуски, Олий Мажлис палаталари ҳам, сиёсий партиялар ҳам бу масаланинг яқинига ҳам келгани йўқ.

Ҳолбуки, хорижий мамлакатларда юрган ёшлар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз, Ўзбекистон фуқароси эканини барчамиз, авваламбор, депутатлар унутмаслиги керак». (Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 июль кунги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан).

Президентимизнинг шу йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармонига кўра ёшлар сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиландики, халқимиз айни масала ечими бўйича бу ташкилотдан амалий ҳаракатларни, яхши натижаларни кутмоқда.

Мақсад битта: ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш, чет элга ишлаш учун кетаётган ҳар бир фуқарони юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсизлик ва алдовлардан ҳимоялаш.

Абдулаҳад  АБДУРАҲМОНОВ,

туман Кенгаши депутати.