ТУМАНДАГИ ТАЯНЧ ВА ЭНГ НАМУНАЛИ МАКТАБ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 2 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Энг намунали мактаб» сифатида туманимиздан 11-умумтаълим мактаби танлаб олинди. Мазкур маскан 2013 йилда давлат дастури асосида 1 млрд. 550 млн. сўм маблағ эвазига капитал реконструкция қилинган. Мактаб 600 ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда 83 нафар педагог ва ишчи-ходим фаолият олиб боради. 22 та ўқув хонаси янги 2017-2018 ўқув йилига тайёр. Спорт зали, 1 тадан информатика, физика, кимё, 2 та инглиз тили хоналари замонавий лаборатория ва компьютер жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган. Ободонлаштириш ишлари ҳам намунали ташкил этилган.

2016-2017 ўқув йилида 9-синфни жами 70 нафар ўқувчи тамомлаган, улардан 36 нафари тўғридан-

тўғри 10-синфда ўқишни давом эттириш истагини билдирган. 29 нафари касб-ҳунар коллежларида, 5 нафари академик лицейларда таълимни давом эттирадиган бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, тумандаги таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича 11-умумтаълим мактабида кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев мавзу бўйича маъруза қилди ва тақдимот ўтказди. Маърузачи таъкидлаганидек, бугунги кунда туманимизда 44 

та умумтаълим мактаби бўлиб, уларда 29 минг 928 нафар (шундан 14 минг 793 нафари қизлар) ёшлар таълим олмоқда. Ўқувчиларга 2159 нафар педагог ходим таълим-тарбия беради. Уларнинг 1819 нафари олий, 340 нафари ўрта махсус маълумотли. Умумтаълим мактабларининг 9-синфини 

2016-2017 ўқув йилида жами 2283 нафар ўқувчи тамомлаган бўлиб, уларнинг 879 нафари тўғридан-тўғри 10-синфда, 1799 нафари касб-ҳунар коллежларида, 211 нафари академик лицейларда ўқишни давом эттириш истагини билдирган. Тумандаги 44 та умумтаълим мактаби ҳамда 8 та касб-ҳунар коллежининг ўқув хоналари, ўқув лаборатория, ўқув устахоналари, спортзал, фаоллар зали, ошхона, талабалар тураржой биноларининг ташқи фасад қисмлари тавсиявий ранглар асосида бўялиб, янги ўқув йилига тахт ҳолга келтириб қўйилди. Таълим муассасаларини янги ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича ҳам муайян ишлар қилинган. 10, 11, 18, 31-мактабларда иситиш тизимини, 21, 30-мактабгача таълим муассасаларида том қисмини таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилган. Куз-қиш мавсуми учун таълим масканларига 2250 тонна кўмир жамғариш режалаштирилган бўлиб, 4 август ҳолатига 614 тонна кўмир, 86,9 тонна брикет жамғарилди. Дастур асосида 6, 8, 36-мактабгача таълим муассасаларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун 3 млрд. 33 млн. сўм маблағ ажратилган.

Ўқувчиларнинг дарс машғулотларида иштирокини таъминлаш ҳамда уларни жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик содир этишларининг олдини олиш мақсадида тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда профилактика инспекторларини умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларига жойлаштириш бўйича туман ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар олиб борилди. Бугунги кунда туманда 56 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларнинг 28 тасини умумтаълим мактабига, 5 тасини касб-ҳунар коллежига жойлаштириш ишлари давом этмоқда.

Семинар давомида унда иштирок этган таълим, касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддиларига келгусида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди.