ҲАЁТИМИЗ СИФАТ ДАРАЖАСИНИ ЯХШИЛАЙДИ
Мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қабул қилинаётган ҳужжатлар ва дастурларнинг, айниқса, қуйи поғонада сўзсиз амалга оширилишини таъминлашга йўналтирилган. Мазкур ҳужжат ижроия ва вакиллик ҳокимияти органларининг аҳоли дуч келаётган мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ўз вақтида барҳам бериш ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини доимий ва манзилли ўрганиш борасида ҳамкорликда олиб бориладиган тизимли фаолиятини ташкил этишни назарда тутади. Эндиликда жойларда ишни ташкил этишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлишни назарда тутадиган мутлақо янги тизим жорий этилади. Комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладилар. Улар жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тизимли ишларни бажарадилар. Секторлар иши «маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика» тамойилига асосан амалга оширилади. Бунда асосий ишлар энг қуйи бўғин – маҳаллада бажарилади, яъни ҳар чоракда истисносиз барча уй хўжаликлари ва объектларга бирма-бир кирилиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилинади. Маҳаллада аниқланган муаммолар бевосита жойида бартараф этилади. Жойида ҳал этишнинг иложи бўлмаган камчилик ва муаммолар эса сектор, туман (шаҳар) ва ҳудуд кесимида «йўл хариталари»га киритилади. Ҳукумат миқёсида давлат, ҳудудий, шу жумладан, инвестиция дастурларини тасдиқлаш ва амалга ошириш, жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича чоралар кўрилади. Бу билан маҳаллалардаги муаммолар ва уларни ҳал этиш механизмлари ўртасида республика даражасигача узлуксиз алоқа ўрнатилади.
Жойлардаги муаммоларни ҳал этишда ўзида муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш йўлларини батафсил ва мукаммал қамраб оладиган «Йўл хариталари» муҳим ўрин тутади. «Йўл хариталари» секторлар томонидан бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар чоракда тегишли ҳудуднинг ўзига хос хусусиятини инобатга олган ҳолда шакллантирилади ва амалга оширилади.
Шунингдек, мавжуд камчилик ва муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда, ҳудудларнинг ривожланиш жараёнига таъсир этиш ва сектор раҳбарларининг масъулиятини оширишда жорий қилинаётган халқ депутатлари Кенгашлари сессияларидаги ҳисоботлар тизими марказий ўринни эгаллайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори давлат органлари ишини ташкил этишнинг, энг аввало, ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган қарорлар, шунингдек, муҳим давлат ва ҳудудий дастурларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига имкон берувчи замонавий янги тизимнинг жорий этилишини таъминлайди. Энг асосийси, қабул қилинган қарор мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган.
Насибахон СОБИРОВА,
туман Кенгаши депутати.

