ВАТАН ФИДОЙИ ФАРЗАНДЛАРИНИ УНУТМАЙДИ
Мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллик байрами шарафига бағишлаб ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир ана шундай номланди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши, туман ҳокимлиги томонидан 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби концертлар залида ўтказилган мазкур тадбирда вилоятимиздаги барча туманлардан вакиллар иштирок этдилар. Унга мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида жонини фидо этган ҳарбий хизматчи ҳамда ички ишлар идоралари ходимларининг оила аъзолари, фарзандлари ҳам таклиф қилиниб, уларга эҳтиром кўрсатилди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев, «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси ўринбосари Маржона Аҳророва, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи ўринбосари Санжар Якубов, туман ўқув спорт техника клуби бошлиғи Исмоил Мавлоновлар сўзга чиқиб, эзгу тилаклар билдиришди. Тадбир давомида иштирокчиларга ҳамда туман ўқув спорт техника клубида ўтказилган мусобақа ғолиблари, фаол ўқувчиларга байрам совғалари топширилди.
Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг истеъдодли ўқувчиси, «Камалак юлдузлари» республика кўрик-танлови совриндори Сардорбек Мирзаабдуллаев ижросидаги қўшиқлар барчага манзур бўлди.

