ИНТЕРНЕТ ТЕРРОРЧИЛАР ҚУРОЛИГА АЙЛАНМАСИН
Кундан-кун интернетдан фойдаланиш имкониятлари кўплаб инсонларнинг оғирини енгил қилаётгани сир эмас. Афсуски, террорчи ва бузғунчилар учун ҳам. Улар интернетни ўзларининг ғоявий қуролларига айлантириб улгуришди. Авваллари ўзларининг ғояларини уруш, қурол ёки шу каби воситалар орқали инсонларга сингдиришган бўлса, бугун интернет орқали бир неча дақиқада минглаб инсонларни ўз қармоқларига илинтирмоқдалар. Улар кишилар онгини ёлғон ахборотлар, сохта иддаолар орқали эгаллайдилар.
Интернет тармоғида диний-экстремистик руҳдаги сайтларнинг мақсади дин йўлида хизмат қилиш эмас, балки дунёвий манфаатга эришишдир. Ҳали тафаккури шаклланмаган, илми ва тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар бундай сайтларга кириб қолиб, уларнинг алдовига учиб, охир-оқибат ота-онаси, яқинлари ҳамда Ватанига хиёнат қилиб, халқнинг лаънатига учрамоқда.
Террорчиларнинг интернетдаги сайтларининг ўзига хос хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
-улар саҳифа ва гуруҳларида ўзларини ягона тўғри йўлда юрувчилар деб ҳисоблаб, қолганларни кофир санайдилар;
-имон келтирмаган ёки бошқа динга эътиқод қиладиган ҳар қандай кишини душман деб атайдилар;
-ер юзида адолат ўрнатишнинг ягона йўли – гўё исломий давлат қуриш ва шу мақсадда «Ҳижрат», «Жиҳод» қилиш ғояларини илгари сурадилар;
-дунё таниган олимларни қоралаб, ҳақоратлаган ҳолда, уларни ёмон отлиқ қилиб, ўзларининг жиноятчи тўдабошиларини ягона олимлар деб ҳисоблашади;
-ихтилоф чиқарадиган масала-ларни бўрттирган ҳолда ўз саҳифаларида ёритиб, одамларни ўз қарашлари тўғрилигига ишонч ҳосил қилишга ундайдилар;
-бундан ташқари, диний билими саёз ёшларни тузоқларига илинтириш учун «ўргимчак тўри»да бир неча тўдалар тузиб, уларни қулоққа ёқимли – «Кун ҳадиси», «Салафлар ҳикмати», «Тавхид» каби номлар билан аташган.
Шу боис, ёшларда ташқи таҳдидлар, бузғунчи таъсирларга қарши тўғри, ҳушёр муносабатни шакллантириш, миллий оммавий ахборот воситаларига ишончни ошириш, жамият ва давлат манфаатларига мос ахборотлар тарғиботини кучайтириш орқалигина турли ёвуз кучлар томонидан амалга ошириладиган ахборот хуружининг олдини олишимиз мумкин бўлади.
Нилуфар ЭГАМБЕРДИЕВА,
29-мактабнинг физика фани ўқитувчиси.

