ДОРИЛОМОН КУНЛАР ШУКРОНАСИ
Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кексаларнинг ҳаёти даражасини ошириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалиши, тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланиши натижасида юртимизда ўртача умр кўриш даражаси ортиб, пенсия ёшида ҳам меҳнат қобилиятини йўқотмай, давлат ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган юртдошларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Биргина мисол. Наманган шаҳрида қад ростлаган «Нуронийлар маскани»да кексалар учун барча шароит яратилган. Бу ерда кутубхона, тиббиёт хонаси ва махсус тренажёрлар билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия заллари, шахмат-шашка клуби фаолияти йўлга қўйилган. 150 ўринли чойхона, новвойхона ва ошхона нуронийлар хизматида.
Узоққа бормайлик, 1960-70 йилларда юртимизда бундай масканлар у ёқда турсин, ақалли қадрдонлар гурунглашадиган гузар ҳам бўлмаган. Мактабларнинг аҳволи ундан ҳам ачинарли эди, ўқувчилар ҳам оғир шароитда таълим олишган. Ҳозир замонавий кийиниб, турфа сумкаларни кўтариб, мактабга кетаётган ёшларни кўрганимда, ҳавасим келади.
Президентимизнинг шу йил 14 июлдаги 3133-сонли қарорига асосан «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони таъсис этилгани, «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар эшикларига махсус белгиларни ўрнатиш жорий этилгани биз, нуронийларни янада руҳлантириб юборди.
Ёшим 68 да. 21 йил қишлоқ фуқаролар йиғинида котиб, 11 йил раис бўлиб ишладим. Турмуш ўртоғим Мукаррамхон боғча тарбиячилигидан нафақага чиққан. Ҳозир иккимиз кексалик гаштини суриб, умргузаронлик қиляпмиз. 16 нафар набирамиз бор. Улардан бири Азизбек иқтисод йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлди. Феруза бу йил НамДУнинг ўзбек филологияси факультетига ўқишга кирди.
Шундай дориломон кунларга етказганига шукр. 2008 йилда аёлим билан муборак Ҳаж зиёратига боришга муяссар бўлдик. Яқинда вилоятимиздан бир гуруҳ нуронийлар Самарқанд шаҳрида саёҳатда бўлиб қайтдик. Биз, кексаларга кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдормиз. Юртимиздаги тинчлик-осойишталикка кўз тегмасин, халқимиз турмуши фаровон бўлаверсин.
Ҳабибулло ҳожи ТЎХТАМИРЗАЕВ.

