ЗАМОНАВИЙ ВА ШИНАМ
Тиббиётдаги ислоҳотлар туфайли жорий йилда туманимизда 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 5 та мақбуллаштирилган қишлоқ врачлик пункти ташкил этилди. Ғайратдаги 33-сонли, Ўнҳаётдаги 34-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаларида вилоят семинарлари ўтказилиб, бу ерда амалга оширилган ишлар вилоят миқёсида оммалаштирилди.
Чўртукдаги 32-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасига 250 миллион сўмлик, шундан 100 миллион сўмлик маблағ маҳаллий тадбиркор ва ҳомийлар ҳисобидан сарфланиб, бу ерда аҳолига қулай, замонавий шарт-шароитлар яратилди.
30 август куни мазкур поликлиникани топширишга бағишланган маросим бўлди. Унда туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдували Мавлонов, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Манзура Азизова сўзга чиқиб, қисқа фурсатда бу ерда амалга оширилган ишларни эътироф этдилар ва қурувчиларга миннатдорчилик билдирдилар.
-Тиббий хизмат сифатининг яхшиланиши учун маҳаллий тадбиркорлар ҳам ҳиссаларини қўшишди, -дейди туман Кенгаши депутати, тадбиркор Нуриддин Улуғхўжаев. -Мақсадимиз битта – аҳолига малакали ва сифатли хизмат кўрсатилишига эришиш.
Тадбир ниҳоясида рамзий лента қирқилиб, барча шифо масканига таклиф этилди. Маросим иштирокчилари шифохонада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Муҳаммад АЛИ.

